Белградда минглаб одамлар икки ҳафта ичида учинчи марта намойишга чиқди
Олам
−
20 Май 2023
9555Сербия пойтахти Белградда сўнгги икки ҳафта ичида учинчи марта минглаб одамлар зўравонликларга қарши намойишга чиқди. Бу ҳақда “DW Global” нашри хабар берди.
Унга кўра, намойиш иштирокчилари Сербия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Бранислав Гашич ҳамда Хавфсизлик ва ахборот агентлиги раҳбари Александр Вулиннинг истеъфога чиқишини, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш бўйича ҳукумат қўмитасини тарқатиб юбориш ёки ёпилишини талаб қилмоқда.
Намойишлар май ойида Сербияда ўнлаб одамларнинг ўлими ва яраланишига сабаб бўлган икки оммавий отишма ортидан мамлакатда зўравонлик даражаси ортиб бораётганидан хавотирлар фонида бошланди.
АFP маълумотларига кўра, мухолифат томонидан уюштирилаётган мазкур митинглар 20 йилдан кўпроқ вақт аввал Сербиянинг собиқ етакчиси Слободан Милошевич режимининг қулашига сабаб бўлган оммавий намойишлар ортидан бўлган энг йирик митинглардир.
Ўз ўрнида Сербия Президенти Александр Вучич норозилик намойишларини сиёсий найранг деб атади. У келаси ҳафта ўз тарафдорлари томонидан намойиш ўтказилишини эълон қилди ва у “Сербия тарихидаги энг йирик йиғилиш” бўлишини айтди. Вучичнинг яқин иттифоқчиси, Бош вазир Ана Брнабич ҳам “ташқи разведка хизматларини” мамлакатни беқарорлаштириш учун тартибсизликлар уюштирганликда айблади.
3 май куни Белграддаги мактабда 13 ёшли ўсмир ўт очиши оқибатида талабалар ва мактаб қўриқчилари бўлган саккиз нафар киши вафот этган, яна олти нафари яраланган. Бир кун ўтиб, 21 ёшли йигит Младенова муниципалитети яқинида йўловчиларга қарата ўқ отган. Отишма оқибатида саккиз киши вафот этган ва 14 киши яраланган.
“Оммавий отишмалардан сўнг Вучич Сербияни қонуний ва ноқонуний ўқотар қурол савдосига қарши кураш бўйича улкан режа билан қуролсизлантиришга ваъда берди”, дейилади хабарда.
Сmall Аrms Сurvey тадқиқот гуруҳи маълумотларига кўра, Сербия Европада қуролга шахсий эгалик қилиш даражаси энг юқори мамлакат бўлиб, ҳар 100 кишидан 39 нафари ўқотар қуролга эга.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси