Беларусда 136 киши ижтимоий тармоқларда қолдирган изоҳлари учун ҳибсга олинди
Олам
−
06 Октябрь 2021
8882Беларусда 136 киши ижтимоий тармоқлар орқали қолдирилган Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) ходимининг ўлдирилиши ҳақидаги изоҳлари учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Беларусь Тергов қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, “фожиа жамиятни ларзага солган бўлса-да, қайғуни шов-шувга айлантирганлар ҳам топилган”.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳар бир бундай ҳолатга қаттиқ ва принципиал ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, бу баъзи “комментчи”ларни тўхтата олмади ва улар анонимлик ва хаёлий жазосизликка таяниб, Интернетда ҳақорат ва таҳқирлашни давом эттирдилар”, дейилади хабарда.
Қўлга олинганларга нисбатан жиноят иши очилган бўлиб, ижтимоий адоватни қўзғатиш ва ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш моддалари бўйича тергов олиб борилмоқда.
Бу иш бўйича айбланувчилардан бири Беларусдаги “Комсомольская правда” журналисти Геннадий Можейко бўлиб, у ДХҚ офицерини ўлдиришда айбланаётган Андрей Зельцер ҳақидаги ижобий изоҳлардан ўз мақоласида фойдаланган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Минскда IT-компания ходими Андрей Зелцер билан отишмада ДХҚ офицери Дмитрий Федосюк ҳалок бўлган. Мухолиф нашр – “Nexta”га кўра, хавфсизлик кучлари унинг уйига бостириб кирган, шундан сўнг Андрей Зелцер уларга ўқ уза бошлаган. ДХҚ маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари террорчиларга қарши тадбир ўтказаётганда “ўта хавфли жиноятчи” офицерларга ўқ узган.
LiveБарчаси