Беларусь ШҲТга аъзо бўлишга яқин турибди
Олам
−
29 Ноябрь 2023
2738Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлишига бир қадам қолди. Мамлакатда ушбу ташкилотга аъзолик мажбуриятлари тўғрисидаги қонун ратификация қилинди. Бу ҳақдаги ҳужжат Миллий юридик интернет порталида эълон қилинди.
“2023 йил 4 июлда Нью-Деҳли шаҳрида имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат мақомини олиш учун Беларусь Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум ратификация қилинсин. Беларусь Республикаси Вазирлар Кенгаши мамлакатнинг меморандумдаги иштирокини расмийлаштириш учун зарур чораларни кўриши керак”, дейилади ҳужжатда.
Меморандум Минскни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Низомида мустаҳкамланган мақсад ва тамойилларга, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қоидаларига, шунингдек, ташкилот доирасидаги бошқа халқаро шартнома ва ҳужжатларга амал қилишга мажбур қилади.
Шу тариқа, Беларусь 2023 йил 1 декабрдан кечиктирмай “Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Шанхай конвенцияси ва протоколларга, 2024 йил 15 январга қадар – меморандумнинг 1-иловасида кўрсатилган ШҲТ доирасидаги халқаро шартномаларга ва 2024 йилнинг 15 апрелига қадар – 2-иловада кўрсатилган ҳужжатларга қўшилиш мажбуриятини олади.
Беларусь учун меморандум ва унда кўрсатилган барча халқаро ҳужжатлар кучга киргандан сўнг, ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари кенгаши Минскка ташкилотга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Меморандум ШҲТ котибияти, ташкилот аъзолари ва Беларусь томонидан тегишли ички тартиб-қоидаларни амалга ошириш тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб 30 кундан кейин кучга киради.
Маълумот учун, ҳозирда ШҲТга Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 2015 йилдан буён кузатувчи мақомига эга бўлган Беларусни ташкилотга қабул қилиш тартиби 2022 йилда Самарқанддаги ШҲТ саммитида бошланган эди.
2023 йил июль ойида Нью-Деҳлида бўлиб ўтган йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Беларуснинг уюшмага аъзо бўлиш мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзолаган.
Минскнинг ШҲТга аъзо бўлиш жараёни ташкилотнинг 2024 йилда Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги саммитигача якунланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президенти Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш бўйича сўровини маъқуллаганди. 4 июль куни Ҳиндистон раислигида виртуал тарзда ўтган ташкилотнинг 23-саммитида Эрон расман ШҲТга аъзо бўлди.
LiveБарчаси