Беларусь инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Иттифоқи билан мулоқотни тўхтатмоқда

Олам 1637
image

Беларусь инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Иттифоқи билан мулоқотни тўхтатади. Бу ҳақда бугун, 17 ноябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Владимир Макей Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан ташқи сиёсат масалалари бўйича бўлиб ўтган учрашувдан кейин айтиб ўтди. Вазирнинг сўзларини “СБ.Беларусь сегодня” газетаси келтирмоқда.

Макейнинг айтишича, учрашув чоғида Лукашенко Беларусь-Европа Иттифоқи доирасида ўзаро ҳамкорликнинг турли масалалари, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мувофиқлаштирувчи гуруҳининг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

“Биз ҳеч қачон нозик масалаларни муҳокама қилишдан бош тортмаганмиз. Аммо бугун биз бу масалалар бутунлай сиёсийлаштирилганини кўриб турибмиз. Шунинг учун Европа Иттифоқи билан инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотни давом эттиришда ҳеч қандай маъно кўрмаяпмиз”, дейди вазир.

Владимир Макей, шунингдек, Президент билан учрашув якунларига кўра Европа Иттифоқи “Шарқий шериклик” дастури доирасида бир қатор инфратузилма, минтақалараро лойиҳаларни сиёсийлаштиришга уринишлари сабабли Беларусь ушбу лойиҳадаги иштирок этиш даражасини туширишини айтди.

Маълумот ўрнида, кеча жорий йилнинг 9 август куни бўлиб ўтган Беларусь Президентлик сайловларида Александр Лукашенко ғалабасига қарши бошланган намойишларнинг 100-кунида беларуслик нафақахўрлар рухсатсиз яна бир норозилик намойишини ўтказишди.

Фаррухжон Муродқулов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 2.9
t
×