Бельгия Украинага 30 та F-16 қирувчи самолётини беради

Олам

image

Украина ва Бельгия хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва Киевни Россия тажовузини қайтаришда узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама шартнома имзолади. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Бельгия Бош вазири Александр де Кроо ва Украина Президенти Владимир Зеленский Х ижтимоий тармоғида маълум қилишди. 

Украина Президенти Брюсселга расмий ташриф билан борди. Иккала сиёсатчининг сўзларига кўра, ҳужжатда Бельгиянинг жорий йилда Украинага 977 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиши, шунингдек, Бельгиянинг Киевни 10 йил давомида қўллаб-қувватлаш мажбурияти кўзда тутилган.

“Шартнома Бельгиядан ўз вақтида ёрдам, замонавий зирҳли техника, Украина ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси эҳтиёжларини қондириш, денгиз хавфсизлиги, миналардан тозалаш, артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш бўйича коалицияда иштирок этиш, шунингдек, ҳарбий тайёргарликни кафолатлайди”, дейди Зеленский баёнотида.  

Бундан ташқари, Бельгия Ташқи ишлар вазири Хаджа Лабиб, келишувга кўра, 2028 йилгача Украинага 30 та F-16 қирувчи самолётини берилишини маълум қилди. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, биринчи самолётлар жорий йилда Украинага етказилади. Ҳужжатда биринчи марта Бельгия Киевга юборадиган қирувчи самолётларнинг аниқ сони кўрсатилган. Шартномада Бельгия расмийларининг Россиянинг музлатилган активларидаги маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш истаги ҳам баён этилган. 

"Бельгиянинг Украина бўйича жамғармаси ва бошқа маблағлар билан бир қаторда Белгия корпоратив солиқлари томонидан молиялаштириладиган, Бельгиянинг Euroclear марказий депозитарийсида сақланадиган музлатилган Россия активларидан олинадиган кутилмаган фойда Украинага доимий ҳарбий ва фуқаролик ёрдамини кўрсатишга хизмат қилади", дейилади Украина Президенти сайтида эълон қилинган ҳужжат матнида.

Бироқ Бельгия томонидан Украинага етказиб берилган барча қуроллар, жумладан, F-16 қирувчи самолётлари Украина ҳудудидагина украиналик ҳарбийлар томонидан қўлланилиши керак. 

“Бизга бир нарса аниқ: сиз ва Украина халқи ўз аҳолингизни мутлақо ноқонуний тажовуздан ҳимоя қилиш учун тўғри воситаларга лойиқсиз. Сиз ғалаба қозонасиз ва ғалаба қозонишингизга ёрдам бериш бизнинг бурчимиздир. Бизнинг қўллаб-қувватлашимиз кучли ва мустаҳкам бўлиб қолмоқда, бу урушнинг натижаси бизнинг Европа манфаатларимиз, Европа қадриятларимиз ва Европа хавфсизлигимиз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дейди Де Кроо Зеленскийга.


Зеленский эса яна ҳамкорларини Украинага Россия Федерациясига қарши қурол ишлатишига рухсат беришга чақирди. Зеленский, баъзи шериклар Украинага Россия ҳудудига ўзлари тақдим этган қуроллар билан ҳужум қилишни тақиқлайди, деган саволга жавоб берар экан, Россия қўшинларининг Харков вилоятидаги сўнгги ҳужумини эслади, зарбалар давомида улар 10 км ичкаригача ўтган. 

Унинг таъкидлашича, Россия қўшинлари Россия Федерацияси ҳудудидаги позицияларидан узоқ масофали қуроллар ва артиллерия билан Украина Қуролли Кучлари позицияларига ва аҳоли пунктларига зарба берганда, Украина жавоб бера олмайди, чунки "қуролдан фойдаланиш ҳуқуқи” йўқ.

Шу билан бирга, Зеленский Украина ўз шерикларининг қўллаб-қувватлашини хавф остига қўя олмаслигини ва шунинг учун улар тақдим этган қуроллардан Россия Федерацияси ҳудудига зарба беришда фойдаланмаслигини таъкидлади. 

Украина томонига кўра, Бельгия Украина Буюк Британия, Германия, Франция, Дания, Канада, Италия, Нидерландия, Финляндия, Латвия ва Испания билан бирга икки томонлама хавфсизлик битими тузган 11-давлат бўлди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 май куни Зеленский Испанияга борган ва у ерда ҳам икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолаганди. Испания ҳукумати Украинага бир миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам беришга ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Владимир Зеленский Бельгия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг