Бельгия - Марокаш ўйинидан сўнг Брюссельда оммавий тартибсизлик бошланди

Спорт

image

Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Марокашнинг Бельгия терма жамоаси устидан қозонган ғалабаси Брюсселда катта норозиликларга сабаб бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сув пуркагичлардан фойдаланиб, норозилик намойишларини тўхтатди. Бу ҳақда Брюссель полицияси матбуот котиби Илсе ван де Кейре маълумотига таяниб, Бельгия ахборот агентлиги хабар берди.

27 ноябрь куни бельгияликлар Марокаш терма жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

"Ўнлаб одамлар юзларини беркитиб, тартибсизликлар уюштирди, бу эса жамоат тартибига путур етказди. Намойишчилар пиротехника воситаларидан фойдаланди, тош ва бутилкалар улоқтирди ва чиқинди контейнерларини ёқиб юборди”, дейди полиция матбуот котиби.

Миди ва Лемонниер булварлари атрофида икки соат давом этган тартибсизликлар Яқин Шарқдан, жумладан Марокашдан келган кўп сонли аҳоли яшайдиган ҳудудда давом этган. Оқибатда бир нечта машинага зарар етказилган ва светофорлар бузиб ташланган. Полиция тартибсизликлар ҳудудини тўсиб, сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Маҳаллий вақт билан 19:30 (Тошкент вақти билан 23:30)га келиб, шаҳарда вазият барқарорлашган.

Маҳаллий газетанинг хабарига кўра, кўпчилик дўкон сотувчилари ўйиннинг ҳар қандай натижаси тартибсизликларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирланиб, Бельгия ва Марокаш ўртасидаги ўйин куни дўконини эрта ёпишни афзал кўрган. Шунинг учун маҳаллий савдогарлар тўқнашувлардан айтарли зарар жуда кўрмади.

ЖЧнинг ортда қолган икки туридан сўнг Бельгия 3 очко билан гуруҳда 3-ўринни банд этиб турибди. Сўнгги турда бельгияликлар хорватлар билан тўқнаш келади. Ўйин 1 декабрь куни бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Бельгия Қатар2022

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг