Беғараз ёрдам. Хитой Марказий Осиёга $500 млн беради
Олам
−
26 Январь 2022
9042Яқин уч йилда Хитой Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга 500 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам беради. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин маълум қилди.
Кеча, 25 январь куни бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” онлайн саммити чоғида Хитой раҳбари бу маблағ “ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун” мўлжалланганини айтган.
“Бундан ташқари, Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 50 миллион доза коронавирусга қарши вакцинани хайрия қилади ва талабалар таълими учун 1200 квота ажратади”, деган Си Цзиньпин саммит чоғида.
Таъкидланишича, кейинги беш йил ичида Хитой Марказий Осиё давлатларидан келган талабаларга ҳукумат стипендиялари учун 1200 квота ажратади. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари янги Конфуций институтларини очиш ва мавжудларини кенгайтириш бўйича устувор шерикларга айланади. Ёшлар санъат фестивали, “Келажак сари кўприк” ёш етакчилар оромгоҳи каби тадбирлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
“Туризм соҳасида ҳамкорликни ошириш муҳим. Хитой сайёҳлик ресурсларини тақдим этиш учун платформа яратишга ва бундан буён барча мамлакатларингизни чиқиш туризми мамлакатлари рўйхатига киритишга тайёр”, деган Хитой раҳбари.
Си Цзиньпин шунингдек, 2022 йилда Хитой минтақа мамлакатларига 50 миллион дозада коронавирус вакцинасини хайрия қилишини ва муҳтож мамлакатларда анъанавий Хитой тиббиёти марказларини очишини айтган. У Хитой-Марказий Осиё соғлиқни сақлаш саноати иттифоқини ташкил этишга чақирган.
“Биз Хитойнинг улкан ички бозорига Марказий Осиёнинг юқори сифатли товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига кенг йўл очишга, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик форумини ўтказиш бўйича муваффақиятли амалиётни давом эттиришга тайёрмиз. Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга бориб 70 миллиард долларга етказиш бўйича ҳаракат қилинади”, деган у.
Си Цзиньпинга кўра, давом этаётган пандемия шароитида Хитой минтақа давлатлари билан йўловчи қатновларини босқичма-босқич тиклайди, одамлар ҳаракатланиши учун “экспресс йўлак”ни шакллантиради ва юк оқимлари учун “яшил йўлаклар” фаолиятини яхшилайди.
“Нефть ва газ қувурларининг барқарор ишлашини таъминлаш, Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг тўртинчи линияси қурилишини жадаллаштириш, барча ишлаб чиқариш занжирлари бўйлаб энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва энергетика соҳасида паст углеродли трансформацияни рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатларимиз халқлари илғор технологиялар афзалликларидан баҳраманд бўлиши учун биз юқори технологиялар, жумладан, сунъий интеллект, катта маълумотлар, булутли ҳисоблаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришимиз керак”, деган у.
Аввалроқ, Хитой Халқ Республикаси январь ойида юз берган тартибсизликлардан зарар кўрган Қозоғистонни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёрлиги айтилганди.