Байроғи Ўзбекистон байроғига ўхшаш ўлканинг собиқ президенти давлатга хиёнатда айбланмоқда
Олам
−
04 Январь
16449Сьерра-Леоненинг собиқ президенти Эрнест Бай Корома давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
2023 йилнинг ноябрь ойида қуролланган шахслар пойтахт Фритаундаги ҳарбий қурол-яроғ омбори ва бир нечта қамоқхонага бостириб кириб, 2000 га яқин маҳбусни озод қилган.
Собиқ Президент ҳужумлар содир бўлганидан кўп ўтмай баёнот бериб, уларни қоралади ва 20 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган бу воқеага алоқадорлигини рад этди.
Корома давлат тўнтариши бўйича сўроқ қилинганидан бери уй қамоғида сақланмоқда.
У 2018 йилгача амалдаги Президент Жулиус Маада Био сайлангунгача 11 йил президентлик қилган.
Айни пайтда ноябрь ойидаги терактларга алоқадорликда гумонланиб, 50 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, улар орасида Короманинг қизи Данкай Корома ҳам бор.
2 январь, сешанба куни муваффақиятсиз давлат тўнтаришига алоқадор яна 12 киши, жумладан, собиқ полиция ва ахлоқ тузатиш ишлари ходимлари ҳамда Короманинг собиқ хавфсизлик хизмати ходими ҳам давлатга хиёнатда айбланиб, қўлга олинган.
Маълумот ўрнида, давлат тўнтаришига уриниш мунозарали сайловлардан беш ой ўтиб содир бўлди. 2023 йил июнь ойида Жулиус Маада Бионинг иккинчи муддатга сайланиши Короманинг "Бутун халқ конгресси" партияси томонидан рад этилди. Гарчи аллақачон нафақага чиққан бўлса-да, Корома ўз партиясининг нуфузли аъзоси бўлиб қолмоқда ва унинг Био билан муносабатлари кескинлашган. Бунга Короманинг ҳокимиятдаги ўн йиллиги давомида коррупцияга қўл урганини текшириш учун тузилган комиссия сабаб бўлган.
Олий суд собиқ президентни гаров асосида қўйиб юборган бўлса-да, ҳозирда у пойтахтдаги уйида сақланмоқда. Иш 17 январга қолдирилган.
Сьерра-Леоненинг Жиноий кодексига кўра, давлатга хиёнатда айбдор деб топилган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.
LiveБарчаси