Байденнинг рафиқаси ва Трюдо кутилмаганда Украинага борди
Олам
−
09 Май 2022
7555Кеча, 8 май куни АҚШ Президентининг рафиқаси Жилл Байден ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо эълон қилинмаган ташриф билан Украинага борди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Telegram каналида эълон қилинган.
Таъкидланишича, Жилл Байден Ужгород шаҳрига ташриф буюрган ва у ерда Украина Президентининг рафиқаси Елена Зеленская билан учрашган. Биринчи хонимлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган украиналиклар жойлашган маҳаллий мактаблардан бирига ташриф буюрган.
Шунингдек, 8 май куни Канада Бош вазири Жастин Трюдо Украинага борган. Канада ҳукумати раҳбари Ирпень шаҳрига ташриф буюрган. Шаҳар мэрининг сўзларига кўра, Трюдо кўрган нарсасидан — ҳарбий объектлар эмас, турар-жой бинолари ёқиб юборилиб, вайрон қилинганидан ҳайратда қолган. Кун якунида Трюдо Зеленский билан учрашган.
Қайд этилишича, Украинага Трюдо ва Байден хонимдан ташқари Германия ва Норвегия парламентлари раҳбарлари Бербель Бас ва Масуд Гараханилар етиб келган. Зеленский улар билан учрашув ўтказганини Telegram каналида эълон қилиб, парламент раисларига ҳам Киевга ташрифи, ҳам уларнинг мамлакатлари уруш пайтида кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси