Байденнинг инаугурацияси қандай ўтказилиши маълум қилинди
Олам
−
23 Ноябрь 2020
5221Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан Президентлик сайловларида ғолиб, деб эълон қилинган Демократлардан номзод Жо Байден қисқартирилган инаугурация маросимини ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Байден Оқ уй маъмурияти раҳбари этиб тайинламоқчи бўлган номзод Рон Клайннинг ёрдамчиси маълум қилди.
Клайннинг сўзларига кўра, Байденнинг 2021 йилнинг 20 январь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган вазифасига киришиш маросимида мавжуд анъаналарнинг қисқартирилган версиясидан фойдаланилади.
“Биз одамлар байрам қилишни хоҳлашларини биламиз. Бу ерда ғалабани нишонлаш учун жуда кўп нарса бор. Биз маросимни иложи борича хавфсизроқ ўтказиш йўлини топмоқчимиз”, дейди у.
Анъанага кўра, АҚШ Президентининг вазифасига киришиш маросими Вашингтондаги Капитолий олдида ўтказилади. Маросим давомида сайланган давлат раҳбари қасамёд қабул қилади ва нутқ сўзлайди. Маросимда Вашингтонга кўплаб томошабинлар жалб қилинади.
АҚШда Президент сайлови жорий йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Ғолиб ҳали расман эълон қилинмаган. АҚШ етакчи оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, Жо Байден сайловда ғолиб чиққан. Унинг ўзи ҳам Президентлик сайловларидаги ғалабасини эълон қилди.
Амалдаги раҳбар Дональд Трамп эса қайд этилган натижалардан норози. У сайловларда кўплаб қонунбузарликлар бўлганини бир неча бор таъкидлади. Шунингдек, амалдаги Президент почта орқали овоз бериш усулини рад этиб, овоз бериш кунидан кейин берилган овозларни ҳисобга олмасликни талаб қилди. Байден эса барча бюллетенларни ҳисоблаш тарафдори.
Натижада, Трампнинг жамоаси бир неча муҳим штатларда суд орқали овозларни қайта ҳисоблашни талаб қилди. Жоржияда сайлов бюллетенлари қўлда санаб чиқилган, аммо номзодлар орасидаги бўшлиқ 0,5 фоиздан паст бўлиб, овозларни қайта санашга имкон беради. Натижада, Трамп штаб-квартирасининг илтимосига биноан, ушбу штатдаги ғалаба талаб қилинган 270 овоздан 16 та сайловчилар овози машиналар ёрдамида қайта текширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп вакцина ишлаб чиқарувчиларни сайловларда унга қарши фитна уюштиришда айблаганди.
Шунингдек, Қўшма Штатларнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп Республикачилар партиясининг юқори мартабали аъзолари ёрдамида баъзи штатларда сайловчилар овозларини унинг фойдасига қайта кўриб чиқилишини хоҳлаётганини айтди.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси