Байденга таҳдид қилган фуқаро отиб ўлдирилди

Олам

image

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари Президент Жо Байденга таҳдид қилган Юта штатида яшовчи фуқаро Крейг Робертсонни отиб ўлдирди. Бу ҳақда разведка хизматидаги манбаларга таяниб, “ABC News” хабар берди.

Робертсон Президент ва бошқа АҚШ расмийларига қарши таҳдидли постлар бўйича тергов билан боғлиқ рейд пайтида ўлдирилган. Манбалардан бири текширув жорий йилнинг апрель ойида бошланганини айтган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи интернетда Президентга нисбатан “жисмоний чоралар” қўлланилишини истисно этмаслиги ҳақидаги постларини эълон қилган. ФҚБ унинг таҳдидларини “ишончли” деб топган.

Крейг Робертсон Президент ҳаётига хавф солиш ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таҳдидлар орқали таъсир ўтказиш каби учта моддада айбланган.

ФҚБ ҳужжатларига кўра, тергов учун сабаблардан бири 6 август куни ижтимоий тармоқда эълон қилинган пост бўлган. Унда Робертсон Президент Байден штатга келишидан олдин “эски камуфляж костюмини олгани ва М24 снайпер милтиғининг чангини артаётганини” ёзган.

Айтилишича, Робертсоннинг уйига рейд ўтказилиши керак бўлган куни Байден Ютага бориши режалаштирилган. Бундан ташқари, айбланувчи вице-президент Камола Харрис ва собиқ президент Дональд Трампга қарши жиноят ишини тергов қилишда иштирок этган шахсларга ҳам ўлдириш билан таҳдид қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Байден Робертсон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг