Байдендан Яманга қарши ҳужумнинг қонунийлигини исботлаш талаб қилинди
Олам
−
24 Январь
6446Бир қанча сенаторлар АҚШ Президенти Жо Байденга мактуб йўллаб, Ямандаги ҳусийларга қарши ҳужумларни қонуний асослаб беришини талаб қилди. Бу ҳақда “Defense news” нашри хабар берди.
Президент Жо Байденнинг Яман ҳусийларига зарба беришга ваколати бор ёки йўқлигига қизиқаётган расмийлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, сенатор Тим Кейн ва яна уч сенатор 23 январь куни Президентга мактуб йўллаб, ундан Конгресснинг ҳарбий рухсатисиз қилинган сўнгги зарбалар учун стратегик ва ҳуқуқий асосни тақдим этишини талаб қилди.
Маълум бўлишича, хат Кейннинг партиядоши, демократ Крис Мёрфи ҳамда республикачилар Майк Ли ва Тодд Янг томонидан имзоланган.
"Ҳозирда АҚШнинг Қизил денгиз ёки Ямандаги ҳусийларга қарши ҳарбий ҳаракатлари учун Конгресс рухсати мавжуд эмас. Бу ҳужумлар бир марталик ўзини-ўзи мудофаа қилиш чегарасидан чиқиб кетди. Агар Яманга қарши қандайдир ҳужум режалаштирилаётган бўлса, буни Конгресс кўриб чиқиши керак”, деган сенатор Кейн Президентга юборган мактубида.
Шунингдек, ушбу мурожаатда конгресс Америка ходимлари ва активларини ҳимоя қилиш, ҳусийларнинг ҳужумларига қарши жавоб қайтариш ва қўшимча ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича оқилона чораларни қўллаб-қувватласа-да, ҳужумкор ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилишидан аввал яхшилаб ўйлаб кўрилиши кераклиги қайд этилган.
Миллий хавфсизлик кенгашининг номини ошкор этишни истамаган вакилининг маълумотларига кўра, агентлик бўлажак зарбалар мавзусида “спекуляция” қилмоқчи эмас, чунки ҳусийлар ўз ҳужумларини “исталган вақтда” тўхтатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари Ямандаги ҳусийлар нишонларига зарба берганди.
Улканбаева Райҳона
LiveБарчаси