Байден ва унинг оиласи Хитойдан миллионлаб доллар олгани аниқланди
Олам
−
11 Май 2023
15286АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг оила аъзолари у вице-президент лавозимида бўлган даврда Хитойдан миллионлаб доллар олгани аниқланди. Бу ҳақда 10 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Назорат ва жавобгарлик қўмитаси раиси Жеймс Комер маълум қилди.
“Америка халқи билан ҳалол бўлиш ўрнига, Байден 2020 йилги сайловлардан бери унинг оиласи Хитойдан пул олмаганини даъво қилди. Бу 2020 йилда ёлғон эди. Ва у ҳозир ҳам Америка халқига ёлғон гапиришда давом этмоқда. Байденлар Хитойдан миллионлаб доллар пул олган. Президент бу ҳақда билмаслигини тасаввур қилиб бўлмайди”, деган Жеймс Комер.
Шунингдек, Вакиллар палатаси қўмитаси Байденлар ва улар билан боғлиқ бўлганлар ўз бойлиги учун фойдаланилганини аниқлаган 20 дан ортиқ компанияларнинг мураккаб ва шубҳали тармоғидан хавотирда эканини билдирган.
"Бу фирмаларнинг аксарияти Жо Байден вице-президент бўлган даврда яратилган масъулияти чекланган жамиятлар эди. Банк ёзувлари Байденлар оиласи, унга алоқадор шахслар ва уларнинг компаниялари хорижликлар ва уларнинг компанияларидан 10 миллион доллардан кўпроқ маблағ олганини кўрсатади”, дейди Вакиллар палатасининг Назорат ва жавобгарлик қўмитаси раиси.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам АҚШ Конгрессининг республикачилар қўли остидаги Назорат ва жавобгарлик қўмитаси Президент Байденнинг оиласини Хитой компаниясидан пул олганини аниқлаганини эълон қилганди. Байден эса буни рад этганди. Орадан кўп ўтмай қўмитадаги демократлар томонидан АҚШнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп президентлик даврида хорижий етакчилардан олган умумий қиймати тахминан 291 минг доллар бўлган юздан ортиқ совғалар ҳақида ҳисобот бермагани аниқлаганди. Трампнинг рўйхатдан ўтмаган совғалари орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳадия қилинган баҳоси тахминан 12 минг доллар атрофидаги ипак гилам ҳам борди.