Байден ва Шольц Украинага ёрдамни тўхтатмасликка ваъда берди
Олам
−
18 Октябрь
2055Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШ Президенти Жо Байден Украина ва Яқин Шарқдаги можароларни ҳал қилишда икки давлат ўртасида яқин ҳамкорлик борлигини тасдиқлади. Бу ҳақда улар бугун, 18 октябрь куни Берлинда музокаралар олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
"Бизни қийин қиш кутиб турибди ва биз бўшашмаслигимиз, чарчамаслигимиз керак", деди Байден.
У Шольц ва Германия ҳукуматига Украина Россия бошлаган урушда ғалаба қозониши ва Россия Президенти Владимир Путин мағлуб бўлишини таъминлаш бўйича ўзларининг "тинимсиз" ишлари учун миннатдорлик билдирди. Байденнинг сўзларига кўра, "Украина адолатли ва барқарор тинчлик топмагунча", уни қўллаб-қувватлашни давом эттириш керак.
“Гарчи бу Ғарб иттифоқчилари учун катта харажат бўлиши мумкин бўлса-да, бу тажовуз ҳукмрон бўлган, йирик давлатлар қўлидан келгани учун ҳужум қилиб, кичикроқ давлатларни қўрқитадиган дунёда яшаш нархига нисбатан пастроқ”, деди Президент.
Ўз навбатида, канцлер Шольц Германия Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини айтди.
“Путин хато ҳисоблади. У бу урушда омон қололмайди”, деди Шольц.
Шу билан бирга, у "бу уруш бундан ҳам катта фалокатга айланиб қолмаслиги учун" НАТОни можарода бевосита иштирок этишдан огоҳлантирди. Шольц, шунингдек, Байденга Вашингтон ва Берлин ўртасидаги "жуда қийин пайтларда" "яқин ва ишончли" муносабатлар учун миннатдорлик билдирди.
Яқин Шарқдаги вазият ҳақида
Германия ва АҚШ етакчилари Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторида ўтказган операцияси чоғида ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилгани ҳақидаги хабарни олқишлади. Байден буни "адолат лаҳзаси" деб атади ва Синварнинг қўлида "исроилликлар, фаластинликлар, америкаликлар, немислар ва бошқаларнинг қони" борлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, у Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ушбу дақиқадан “ҲАМАСсиз Ғазо секторида тинчликка эришиш, яхши келажакка эришиш учун имконият” сифатида фойдаланишга чақирган.
Шольц, шунингдек, "энди ўт очишни тўхтатиш ва Ғазодаги гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш учун аниқ истиқболлар очилишига" умид билдирди.
“Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Буни жуда аниқ айтиш мен учун муҳим. Биз Исроил билан биргамиз”, деди Германия ҳукумати раҳбари.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15