Байден собиқ совет республикаларини Россиядан ажратиб олмоқчи – Пушков
Олам
−
02 Февраль 2021
15978Россия Федерациялар Кенгаши (парламентнинг юқори палатаси) сенатори Алексей Пушков “Вечерная Москва”га берган интервьюсида АҚШ Президенти Жо Байден собиқ совет республикаларини Россиядан ажратиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришини айтиб ўтди.
Унинг фикрича, Беларусь, Ўзбекистон, Арманистон ва Қозоғистон Америка Қўшма Штатларининг диққат марказида бўлади.
“Бу йўналиш бизга жиддий муаммоларни юзага келтиради, Европа харитасида 2014 йилгача бўлган кайфиятни ўзгартиради ва олдимизга иттифоқдош мамлакатлардаги таъсиримизни сақлаб қолиш учун сифат жиҳатидан янги вазифаларни қўяди”, дея таъкидлаган Пушков.
Сенатор, шунингдек, Вашингтон Киев билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириши мумкин деб ҳисоблаяпти. Хусусан, Украина ҳудудида Американинг ҳарбий-денгиз базалари пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, АҚШ мамлакатга ҳужум қуролларини бериши ҳам мумкин.
“Вашингтон Киевни Ғарбий ҳарбий тузилмаларга фаол қўшиб, уни НАТОнинг норасмий аъзосига айлантиришга ҳаракат қилади”, деган сенатор.
Пушков Байденнинг Россия билан рақобатни постсовет ҳудудига ўтказишга уриниши АҚШ билан муносабатларни ёмонлаштирадиган янги омил бўлиши мумкин деган фикрда.
Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Украина Ташқи ишлар вазири билан мулоқот давомида Вашингтон Киевга фаол иқтисодий ва ҳарбий ёрдам ваъда қилгани ҳақида хабар бергандик.