Байден Путинни “ҳарбий жиноятлар” учун суд қилишга чақирди
Олам
−
05 Апрель 2022
7548АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинни “ҳарбий жиноятлар”да айблаб, уни судга тортишга чақирди.
Байден Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли вакилларининг оммавий ўлдирилганини изоҳлар экан Путинн яна ҳарбий жиноятчи деб атаган.
“У шафқатсиз. Бучада содир бўлаётган воқеалар ғалати ва ҳамма буни кўряпти. Менимча, бу ҳарбий жиноят. У жавобгарликка тортилиши керак”, дея қўшимча қилган Америка етакчиси.
Оқ уй раҳбари, шунингдек, Бучада содир бўлган воқеа муносабати билан Москвага қарши янги санкциялар киритилишини эълон қилди.
Байденнинг сўзларига кўра, Бучадаги воқеалар геноцид эмас, лекин уларни уруш жинояти сифатида таснифлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден Владимир Путинни “қассоб”, шунингдек иккинчи бор “ҳарбий жиноятчи” деб атаганди.
Байден “ҳарбий жиноятчи” таърифини Россия етакчисига нисбатан биринчи бор 16 март куни ишлатганди. У Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда шундай баёнот берган. “Fox News” мухбири Америка етакчисидан Путинни ҳарбий жиноятчи дейишга тайёрмисиз, деб сўраганида, Байден аввалига салбий жавоб берган ва хонани тарк этган. Бироқ, у кейин қайтиб келиб, “У ҳарбий жиноятчи”, деб жавобини ўзгартирган. Эртаси куни у Путинни “қотил диктатор” ва “бандит” деб атаган.
РФ Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Байден Путинга нисбатан ҳақоратга ўтаётганини таъкидлаб, Кремль бунга муносабат билдирмаслигини қўшимча қилган. Ҳар қандай муносабат Байден томонидан билдирилаётган янада даҳшатли айблов билан қаршилашиши қайд этилган.
Шунингдек, Песковнинг сўзларига кўра, Путин доно сиёсатчи бўлгани учун АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўзи ҳақидаги номақбул баёнотларига жавоб қайтармаяпти.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Байденнинг Путинга қарши айбловлари АҚШ-Россия муносабатларини жар ёқасига келтириб қўйгани ҳақида огоҳлантирди. Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Буча қирғини”
Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.
Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.
2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.
Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.
Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь