Байден Миср ва Қатар раҳбарларидан ҲАМАСга таъсир ўтказишни сўради
Олам
−
30 Апрель
3125АҚШ Президенти Жо Байден Миср ва Қатар етакчиларини Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни озод қилиш учун ҲАМАС устидан ўз таъсиридан фойдаланишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Байден Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамал Ол Соний билан алоҳида телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат чоғида Байден Миср ва Қатар етакчилари билан ҳозирда икки давлат иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар жараёнини тўлиқ муҳокама қилган. Америка раҳбари бу борадаги саъй-ҳаракатлари учун суҳбатдошларига миннатдорлик билдирган.
Байденнинг сўзларига кўра, агар ҲАМАС музокаралар столида турган сулҳ таклифини қабул қилса, Ғазо секторида сулҳ таъминланади, минтақага гуманитар ёрдам келади ва исроиллик маҳбуслар озод қилинади.
Қайд этиш жоизки, 26 апрель куни ҲАМАС ҳаракатига Миср ва Қатар воситачилигида тайёрланган ўт очишни тўхтатиш келишуви ва ўзаро асирлар алмашинуви бўйича янги таклиф тақдим этилди. ҲАМАС бу таклиф устида ишлаётганини ва тез орада жавобини беришини айтди.
Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш жараёни билан боғлиқ ҳолда Миср матбуоти ҲАМАС делегациясининг Қоҳирани тарк этгани, Мисрнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш таклифига ёзма равишда жавоб беришини ёзди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҲАМАСни Исроилнинг таклифини қабул қилишга чақирган эди.
LiveБарчаси