Байден Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди
Олам
−
11 Февраль 2021
4871АҚШнинг янги Президенти Жо Байден Трампнинг энг йирик лойиҳаларидан бирига нуқта қўйди: АҚШнинг Мексика билан чегарасида девор қурилишини молиялаштириш тўхтатилди, у ерда 2019 йилдан бери амал қилиб келаётган фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Бу ҳақда бугун, 11 февраль куни Оқ уйнинг расмий веб-сайтида маълум қилинган.
“Мен жанубий чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилиниши асоссиз деган хулосага келдим”, дейилади Президент томонидан АҚШ Вакиллар Палатаси Спикери Нэнси Пелосига юборилган хатда.
Мактубга кўра, Байденнинг маъмурияти АҚШ солиқ тўловчиларининг маблағларини Мексика билан чегарада девор қуриш учун сарфланишига йўл қўймайди. Ушбу лойиҳа учун ажратилган барча ресурслар тўлиқ қайта кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Мексика билан чегара ҳудудида девор қурилиши мамлакатнинг 45-Президенти Дональд Трампнинг ғояси эди. У 2019 йилнинг февралида мамлакатнинг жанубий қисмида фавқулодда ҳолат жорий қилиниши, сўнгра девор қурилиши учун Пентагон фондидан 2,5 миллиард доллар миқдорида сумма ажратилишига эришган эди.