Байден Киевда. У Зеленскийнинг дардига қулоқ тутди
Олам
−
20 Февраль 2023
7581Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 20 февраль куни Россиянинг кенг кўламли босқинчилиги бошланганидан бери мамлакатга илк бор ташриф буюрган Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден билан учрашди.
Украина давлати раҳбари мартабали меҳмонни пойтахт марказидаги Мариинский саройи айвонида кутиб олди.
Украина ва Америка делегациялари аъзолари таништирилгандан сўнг Украина ва АҚШ президентлари юзма-юз мулоқот қилган.
Зеленский Жозеф Байденнинг ташрифи Украина ва украиналикларни қўллаб-қувватлашнинг ўта муҳим белгиси эканини айтган.
“Украинани қўллаб-қувватлаган биринчи телефон қўнғироғи Оқ уйдан бўлди. Етакчилигингиз учун раҳмат. Шунингдек, икки партиявий қўллаб-қувватлаганингиз, Конгресснинг қўллагани учун сизга миннатдорлик билдираман”, деган Зеленский.
Украина Президенти АҚШ Президенти билан фронтдаги вазият, шунингдек, бугун жуда оғир кунларни бошдан кечираётган Украина халқи ҳақида гаплашишини айтди.
Ўз навбатида, Байден ўзининг бугун Украинада бўлиши муҳимлигини айтган, бу эса АҚШ Украина давлатининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини намойиш этади.
“Менимча, Қўшма Штатлар Украинани шафқатсиз тажовузга қарши урушда қўллаб-қувватлаётганига шубҳа қолдирмаслик жуда муҳим”, дейди Қўшма Штатлар раҳбари.
АҚШ президенти яна Киевга келганидан хурсандлигини билдирган.
“Охирги сафардан бери кўп нарса ўзгарди. Даҳшатли воқеалар содир бўлди, босқинчилик, лекин айни пайтда украиналиклар ўзларини ҳимоя қилишда жуда кам сонли халқлар ифода этган тарзда ўзларини намоён қилдилар. Ва улар бизга демократия маъносини тушунишимизга ёрдам берди”, дейди Жозеф Байден.
Шунингдек, у Конгресс аъзоларининг саломларини етказди. Унинг сўзларига кўра, улар Владимир Зеленскийнинг Конгрессдаги сўнгги нутқидан қаттиқ таъсирланган.
АҚШ Президенти АҚШ ва иттифоқчилар Украинага эркинлик ва мустақиллик учун курашда қандай қилиб энг самарали ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қилиш нияти ҳақида гапирган.
LiveБарчаси