Байден қочқинларни қабул қилиш режасини сақлаб қолмоқчи
Олам
−
06 Сентябрь
2555АҚШ қонунчиларига тақдим этилган ички ҳисоботга кўра, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти келгуси йилда 125 000 қочқинни қабул қилиш режасини сақлаб қолмоқчи. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Байден маъмурияти 30 сентябрда тугайдиган 2024 молия йилида АҚШнинг қочқинларни қабул қилиш дастури орқали белгиланган 125 000 дан камида 100 минг кишини қабул қилишга интилмоқда. Агар режа муваффақиятли амалга оширилса, бу охирги ўттиз йилликдаги энг юқори кўрсаткич бўлади.
Нашрга кўра, иммиграция 5 ноябрь куни бўладиган сайловлар олдидан сайловчиларни ташвишга соладиган асосий масала ҳисобланади. Шунингдек, республикачилардан президентликка номзод ва собиқ АҚШ раҳбари Дональд Трамп 2017-2021 йиллардаги президентлик даврида қочқинларни қабул қилишни сезиларли даражада чеклаган эди. Агар у қайта сайланса, иммиграцияга қарши кенг қамровли чоралар кўришга ваъда берган.
Байден илк бор 2022 молия йилида 125 000 қочқинни қабул қилишни мақсад қилган, лекин бу амалга ошмай қолган. Аммо унинг маъмурияти Лотин Америкасидан қочқинлар киришини кўпайтирган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидан 2023 йил 1 октябрдан 2024 йил 31 июлгача 16 мингдан ортиқ қочқин АҚШга кириб келган.
Маълумот учун, АҚШ қочқинларни қабул қилиш дастури одатда ирқи, дини, миллати, маълум бир ижтимоий гуруҳга аъзолиги ёки сиёсий қарашлари асосида таъқибга учраган ва ватанидан ташқарида бўлган одамлар учун амал қилади. Ариза берувчилар мақомга эга бўлишлари учун АҚШдан ташқарида бўлишлари зарур.