Байден АҚШнинг стратегик захирасидан рекорд даражада нефть чиқаришга кўрсатма берди
Олам
−
01 Апрель 2022
9329АҚШ Президенти Жо Байден май ойидан бошлаб олти ой давомида АҚШнинг стратегик нефть захирасидан бозорга кунига бир миллион баррель нефть чиқарилишини айтди.
Оқ уйда чиқиш қилган Байден нефть нархи қанчага тушишини билмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу кўп жиҳатдан АҚШ иттифоқчилари қанча стратегик захиралар ажратишига боғлиқ бўлади. Унга кўра иттифоқчилар 30-50 миллион баррель ажратиши мумкин.
Аввалроқ Байден маъмурияти АҚШ Президенти бутун дунёдаги иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан йирик нефть захираларини чиқариш масаласини муҳокама қилишини маълум қилганди.
Қўшма Штатлардаги стратегик нефть захираси 1975 йилда яратилган ва ундан ҳалигача нефтнинг бундай катта партияси чиқарилмаган. Бу охирги олти ой ичида учинчи марта АҚШ расмийлари ёқилғи нархининг ошишини секинлаштириш учун заҳирадан фойдаланмоқда. Байден эълон қилган 180 миллион баррель нефть тахминан икки кунлик глобал талабга тенг.
Байденнинг баёнотидан кейин жаҳон бозорида нефть нархи 4-5 фоизга тушиб кетди. Техасдаги WTI нефти 100 доллар атрофида, Brent эса 105 доллардан сал қимматроққа сотилмоқда.
LiveБарчаси