Байден АҚШ портларини рус кемалари учун ёпди

Олам

image

Қўшма Штатлар ўз портларида Россия байроғи остида сузиб юрувчи ёки бошқа йўл билан РФга боғланган кемаларни қабул қилишни тақиқламоқда. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 21 апрель куни Оқ уйда Украина атрофидаги вазият ҳақида қисқача нутқ сўзлаб, маълум қилди.

“Бугун мен Америка Қўшма Штатлари Европада бўлгани каби Россия билан боғланган кемалар портларимизга кириши тақиқланишини эълон қиламан. Бу Россия байроғи остида сузувчи, Россиядан бўлган шахсга тегишли ёки бошқариладиган ҳар қандай кемага Қўшма Штатларнинг [портларида] тўхташига ёки бизнинг қирғоқларимизга киришига рухсат берилмайди, деган маънони англатади”, деган Байден.

Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган Байденнинг фармони бу ҳолатда қайси кемалар Россия Федерацияси билан боғлиқ деб ҳисобланишига аниқлик киритади: булар “Россия Федерацияси ҳукумати ёки Россия компаниясига тегишли” Россия байроғи остида сузиб юрадиган кемалар. Россия Федерациясининг фуқароси ёки доимий резиденти, шунингдек Россия томонидан бошқариладиган кемалар, яъни “Россия компанияси, фуқароси ёки доимий резиденти кемадан фойдаланиш бўйича тижорат қарорларини қабул қилиш учун жавобгар бўлган” кемалар.

Фармонда бир қатор истиснолар ҳам кўзда тутилган: Россия билан боғлиқ бўлган кема АҚШда бошқа ишончли таъминот манбаи бўлмаган “хомашё, махсус ядровий материаллар ва ядровий қўшимча маҳсулотлар”ни олиб ўтаётганда тақиқ қўлланилмайди. Бундан ташқари, Россия билан боғланган кемаларга фавқулодда вазиятларда, экипаж аъзолари қирғоққа чиқишлари керак бўлганда, шу жумладан тиббий сабабларга кўра ёки “бошқа гуманитар сабабларга кўра” АҚШ портларига киришига рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг