Башар Асаднинг амакиси Швейцарияда “уруш жиноятлари”да айбланди
Олам
−
13 Март
4863Швейцария федерал прокурорлари Суриянинг амалдаги Президенти Башар Асаднинг амакиси Рифат Асад ишини судга олиб чиқиб, уни 1982 йилда ҳарбий қўмондон сифатида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблади. Бу ҳақда Швейцария Бош прокуратураси маълум қилди.
Сурия собиқ вице-президенти Рифат Асад 1982 йилда Хама шаҳрида қўшинларни бошқарган вақтида “ўлдириш, қийноқлар, шафқатсиз муомала ва ноқонуний ҳибсга олишга буйруқ берганликда” айбланмоқда.
“Reuters” хабарига кўра, қораловчилар Рифат Асадни шаҳардаги исломий қўзғолонни бостиришдаги роли учун “Хама қассоби” деб атамоқда. Швейцария федерал прокурорларининг ҳисоб-китобларига кўра, можарода 3000 дан 60 000 гача одам, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Рифат Асаднинг ўзи аввалроқ Хамадаги тинч аҳоли ўлими учун жавобгарликни рад этган.
Маълумот учун, Рифат Асад ўз акаси Ҳофиз Асадни президентликдан ағдаришга урингани учун 30 йилдан ортиқ Францияда муҳожирликда яшаган. Суриянинг амалдаги раҳбари амакисининг мамлакатга қайтишига рухсат берган ва Рифат Асад ҳозир Сурияда яшаяпти.