Башар Асадга Сурияни тарк этиш таклиф қилинди – WSJ
Олам
−
07 Декабрь 2024 8723 2 дақиқа
Миср ва Иордания расмийлари Сурия Президенти Башар Асадга республикани тарк этишни ва вақтинчалик кенгаш тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, бу кенгаш мухолифат вакилларини ҳам ўз ичига олиши зарур бўлади. Бироқ Иорданиянинг АҚШдаги элчихонаси мазкур маълумотни рад этган. 6 декабрь ҳолатига кўра, Асад ҳали ҳам Сурияда бўлиб турибди.
Манбаларга кўра, Қатар, БАА ва бошқа араб давлатлари Сурия ҳукуматининг яқин келажакда қулаш эҳтимоли ва минтақада юзага келиши мумкин бўлган беқарорликдан тобора кўпроқ хавотирланмоқда. Сурия Президенти Туркиядан вазиятга аралашишни сўраган, шунингдек, Миср, БАА, Иордания ва Ироққа қурол сўраб мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.
Маълумот учун, 27 ноябрь тонгида Сурия исёнчилари ва жангарилари ҳукумат назоратидан чиқиб кетган шимолий-ғарбий Идлиб вилоятида кенг миқёсли ҳужумларни бошлади. Бугунгача Ҳалаб, Ҳомс, Ҳама ва Даръа каби йирик шаҳар ва вилоятлар жангарилар қўлига ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Суриядаги мухолифат кучларнинг олға силжиши “муаммоларсиз давом этишига” умид қилишини айтган эди. Президентнинг таъкидлашича, Туркиянинг кетма-кет амалга оширган қўнғироқларга қарамай, Сурия Президенти Башар Асаддан мавжуд муаммоларни икки томонлама муҳокама қилиш таклифига ижобий жавоб бўлмаган.
Live
Барчаси