“Барселона”нинг трансферлардан қолган қарзлари миқдори очиқланди

Спорт

image

Испаниянинг “Барселона” жамоаси ҳали ҳам Ферран Торрес, Рафинья ва Роберт Левандовский трансферлари бўйича собиқ клубларидан 159 миллион евро қарздор. Бу ҳақда жамоанинг 2024-2025 йилги молиявий ҳисоботига таяниб, “Goal” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, каталонияликлар сўнгги йилда деярли 1 миллиард евро даромад олган бўлса-да, қисқа муддатли қарзлар ва кечиктирилган тўловлар клубнинг молиявий барқарорлигини тиклаш йўлида муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Ҳисоботга кўра, “Барселона” кейинги йилга қадар 140 миллион евро қарз тўлаши керак бўлади.

Умумий ҳисобда клубнинг бошқа жамоалар олдидаги қарзи 159,1 миллион еврони ташкил этади, шундан 140,6 миллион евро қисқа муддат ичида тўланиши лозим.

“Барселона”нинг қарзлари тафсилотлари:

  • “Лидс Юнайтед” – Рафинья трансфери учун 41,9 миллион евро;
  • “Бавария” – Роберт Левандовски учун 20 миллион евро;
  • ·“Севиля” – Жюль Кунде учун 24,5 миллион евро;
  • ·“Манчестер Сити” – Ферран Торрес учун 13,3 миллион евро;
  • “Реал Бетис” – Эмерсон Рояль учун 8 миллион евро.

Шунингдек, “Жирона”, “Валенсия”, “Спортинг” ва “Ренн” каби клублар билан ҳам кичикроқ тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар тўлиқ якунланмаган. Бу “Барселона”нинг молиявий мажбуриятлари Европа бўйлаб қанча кенг тарқалганини кўрсатади.

Шу билан бирга, ҳисоботда “Барселона”нинг бошқа клублардан 64,1 миллион евро миқдорида пул олиши кераклиги қайд этилган. 

Жумладан:

  • “Порту” – Нико Гонсалес трансфери учун 6,7 миллион евро;
  • “Ал-Аҳли” – Франк Кессье учун 4,1 миллион евро;
  • “Шахтёр” – Марлон учун 3,1 миллион евро.

Бошқа клублар – “Брага”, “Челси” ва “Реал Бетис” билан ҳам кичикроқ миқдордаги тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар мавжуд. Ҳатто бу қарзлар тўлиқ қопланган тақдирда ҳам, “Барселона” умумий ҳисобда 100 миллион евродан ортиқ қарз билан қолади.

Мутахассислар бу ҳолатни замонавий футбол тизимидаги кечиктирилган трансфер тўловларига ортиқча таяниш оқибати сифатида баҳоламоқда. Режалаштирилган тўловлар кечикса ёки амалга ошмаса, бу клубларни, жумладан “Барселона”ни ҳам жиддий молиявий босим остида қолдиради.


Мақола муаллифи

Теглар

трансфер Барселона қарздор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг