“Барселона”нинг собиқ футболчиси Мексика мураббийи бўлди

Спорт

image

“Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси Рафаэль Маркес Мексика миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси матбуот хизмати расман хабар берди.

47 ёшли мутахассис билан 2030 йилгача мўлжалланган шартнома имзоланди. У бу лавозимда 2024 йил июлидан бери жамоани бошқариб келган Хавьер Агиррени алмаштирди.

Агирре раҳбарлигида Мексика терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалигача етиб борди. Жамоа ушбу босқичда Англияга 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу билан бирга, Мексика терма жамоаси 40 йилдан сўнг илк бор Жаҳон чемпионати плей-офф босқичида ғалаба қозонишга эришди.

Рафаэль Маркес футболчилик фаолияти давомида 2003–2010 йилларда “Барселона” сафида тўп тепган. У клуб билан тўрт марта Испания чемпиони, бир марта Испания кубоги соҳиби, уч марта Испания Суперкубоги ғолиби, икки марта Чемпионлар лигаси, бир марта UEFA Суперкубоги ҳамда бир марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби бўлган.

Бундан ташқари, у Мексиканинг “Атлас” ва “Леон”, Франциянинг “Монако”, Италиянинг “Верона” ҳамда АҚШнинг “Нью-Йорк Ред Буллз” клубларида ҳам фаолият юритган.

Мексика терма жамоаси сафида Маркес 1999 йилги Конфедерациялар кубоги, 2003 ва 2011 йилларда КОНКАКАФ Олтин кубоги ғолиби бўлган. Шунингдек, у Копа Америка мусобақасида бир марта кумуш ва икки марта бронза медалларини қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг