Барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлаймиз – Тўқаев

Олам 1907
image

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг роли сезиларли даражада ошди. Биз ТДТ давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммитидаги нутқида айтиб ўтди. 

“Ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз. Туркий мамлакатларни бирлаштирган ташкилотларнинг пайдо бўлиш тарихи шуни кўрсатадики, уларнинг аксарияти, жумладан ТУРКСОЙ (Халқаро туркий маданият ташкилоти), ТуркПА (Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси) ва Туркий академия Қозоғистон ташаббуси билан тузилган. Бу ташкилотлар қардош халқларимизнинг маданий ва маънавий яқинлашувининг ҳақиқий дирижёрларига айланди”, дейди давлат раҳбари. 

У туркий дунёда интеграцияни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини бутун дунё жамоатчилигига кўрсатишни таклиф қилди. Бу иш, Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фикрича, етакчи халқаро агентликлар ва мамлакатлар оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга оширилиши мумкин. 

Ташкилот иши, унинг фикрича, дипломатик саммитлар ва якуний ҳужжатлар имзоланадиган учрашувлар билан чекланиб қолмаслиги керак.  

“Мен ТДТ туркий дунёни бирлаштирувчи ва яқинлаштирадиган нуфузли платформага айланиши керак, деб ҳисоблайман”, дейди Президент. 

Тўқаев Қозоғистон туркий давлатларнинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади. “Турк дунёси истиқболлари – 2040” дастурий ҳужжати бунга ёрқин мисолдир. 

“Бугун уни амалга ошириш учун Туркий давлатлар ташкилоти стратегияси қабул қилинади. 

Шубҳасиз, мазкур ҳужжат ўзаро ҳамкорликни, давлатларимизни бирлаштирган барқарорлик камарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ҳамкорлигимиз муваффақиятли бўлади, дейишга тўлиқ асослар бор. Минтақавий ва глобал кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиб, биз қудратли ва нуфузли кучга айланишимиз керак. Ҳозирги геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликлар Евроосиё қитъасининг иқтисодиёти ва транспорт-логистика тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Биз барча чақириқ ва таҳдидларга биргаликда қарши туриш учун бирдамликни намоён этишимиз керак”, дейди Тўқаев. 

У сўзида давом этаркан, Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди. Аммо гап айнан қайси давлат ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. 

“Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, шунингдек, БМТ Низомига қатъий риоя этиш зарур, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатимизнинг асосий манфаатларига тўла мос келадиган зарурий тамойилдир. Шунинг учун биз ушбу тамойилга устувор аҳамият берамиз”, дейди Қозоғистон Президенти. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3.2
t
×