Бангладеш BRICS'га қўшилиш учун ариза берди – ОАВ
Олам
−
20 Июнь 2023
4266Бангладеш BRICS ташкилотига қўшилиш учун расмий равишда ариза берди. Бу ҳақда маҳаллий “Dhaka Tribune” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш бўйича сўрови Бангладеш Бош вазири Шайх Хасина ва Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафосанинг ўтган ҳафта Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган учрашувидан сўнг юборилган.
Манбаларга кўра, Бангладеш раҳбарининг мазкур таклифига ЖАР Президенти Рамафоса ижобий муносабатда бўлган.
Бангладеш ҳозирда "BRICS дўстлари" гуруҳи таркибига киради. Жорий йилнинг июнь ойи бошида Кейптаунда ташкилот ташқи ишлар вазирлари ва “BRICS дўстлари” вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Шундан сўнг Бангладеш ушбу иттифоқ таркибига қўшилиш истагини расмий равишда билдирди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ташкилотга кириш истагини билдирган давлатлар сони йигирмага яқинлашмоқда. Жумладан, яқинда Миср ҳам BRICS'га тўлақонли аъзо бўлишга ариза берганди. Шунингдек, аввалроқ Франция Президенти Эммаунуэль Макрон ҳам шу йилнинг 3 июнь куни ЖАР етакчиси Сирил Рамафоса билан телефон суҳбатида ундан август ойида ушбу мамлакатда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиш имконияти тўғрисида сўрагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва Венесуеланинг BRICS'га қўшилиши тарафдори эканини айтганди.
LiveБарчаси