Балиқ машмашаси: Франция Буюк Британияни санкциялар билан огоҳлантирди

Олам 6051
image
-

Агар Буюк Британия томони Brexit битимида кўзда тутилган балиқ овлаш шартларини бажармаса, Франция унга қарши санкцияларни қўллашни истисно этмайди. Бу ҳақда бугун, 9 май куни Франция ҳукумати расмий вакили Габриэль Атталь “France 3” телеканали эфирида маълум қилди.

“Биз келишувларга риоя қилмоқчимиз. Агар улар бажарилмаса, унда санкциялар қўлланилиши мумкин. Бир томон ўз мажбуриятларини бажармаганда, турли хил жавоб чоралари кўрилади”, дея огоҳлантирди Франция расмий вакили.

Фото: Франция ҳукумати расмий вакили Габриэль Атталь

Габриэль Атталнинг қўшимча қилишича, Париж Лондонни шартномага риоя қилиш зарурлигига ишонтириш учун Европа Комиссиясига мурожаат қилган.

Франциянинг норозилиги Буюк Британия расмийлари томонидан Жерси сувларида балиқ овлашга атиги 41 француз кемасига рухсат берилгани сабаб келиб чиқди. Париж эса 344 кемага лицензия берилишини талаб қилмоқда. Француз кемалари лицензияга эга бўлиш учун аввалдан ушбу ҳудудларда балиқ овлаганини исботлаши керак. 

Эслатиб ўтамиз, Париж Жерси оролини электр таъминотидан узиб қўйиш билан таҳдид қилганидан сўнг, Лондон ҳимоясида бўлган ушбу оролга икки қўриқлаш ҳарбий кемасини жўнатганди. Бунга жавобан Франция Денгиз кучлари ҳам иккита қўриқлаш ҳарбий кемасини орол яқинига жойлаштиришини айтди. 

Бундан ташқари, балиқчи французлар олтмишга яқин кемада балиқ овлашга қўйилган чекловларга қарши чиқиб, Жерси оролини блокада қилди. Улар нафақат Франция қирғоғи яқинида жойлашган оролни ўраб олди, балки кемаларнинг Сент-Хелиер порт-шаҳридан чиқишига тўсқинлик қилди. Бир неча соат ўтгач, балиқчилар Жерсини қамал қилишни тўхтатди.

Фото: франциялик балиқчилар Жерси оролининг блокадасида  

Жерси – Норманд ороллари орасида энг каттаси. У Франциянинг шимолий қирғоғидан 23 км, Буюк Британиянинг жанубий қирғоғидан эса 140 км узоқликда жойлашган. Жерси ороли кўп йиллар Британия назоратида бўлган, аммо ҳозир улар "тож" назоратидан воз кечган. Ушбу орол электр энергиянинг 95 фоизини Франциядан олади.

Фото: Жерси оролининг географик жойлашуви

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 166
Рейтинг: 3
t
×