Баку Еревандан ирқий можаро чиқармасликни талаб қилди

Олам 2221
image

Озарбайжон Арманистон томонидан босқинчилик даврида содир этилган, шунингдек, давом этаётган жиноятларга ҳуқуқий баҳо бериш учун барча мумкин бўлган халқаро механизмлардан фойдаланишни таъминлайди. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати 1965 йилдаги “Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция бўйича Халқаро судга берилган мурожаат бўйича ОАВдан тушган саволга жавобан маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ўтган йилнинг сентябрида Озарбайжон “Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро конвенция бўйича Халқаро судга Арманистонга қарши даъво аризаларини берганини эслатди.

“Озарбайжон томонидан берилган аризалар асосида 2021 йил 7 декабрда суд бир овоздан Арманистонга нисбатан вақтинчалик чоралар кўриш тўғрисида қарор қабул қилди. Шу тариқа суд Арманистонга Арманистон ҳудудида Озарбайжон фуқаролари ва келиб чиқиши озар бўлган шахсларга нисбатан ирқий адоват қўзғатилишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриш, шунингдек, низони янада оғирлаштирадиган ёки чўзиши мумкин бўлган, шу жумладан, низони мураккаблаштирадиган ҳаракатларга йўл қўймасликни буюрди”, дейилади хабарида.

Суднинг бундай қарорига Озарбайжон томонидан арман этно-миллатчи гуруҳлари (асосан VOMA, POGA ва бошқалар) жавобгарликка тортилмагани, реваншизмни ташвиқот қилгани, озарларга нисбатан нафрат ва зўравонликка чақираётгани, айрим ҳолларда уларнинг Арманистон давлат органлари фаолиятини рағбатлантириш, ташкилотлар фаолларини мукофотлаш ҳолатлари ҳақидаги далиллари сабаб бўлди.

Ушбу суд қарорларига қарамай, Арманистон 2022 йилда ҳам ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузишда давом этган, озарларга нисбатан нафрат қўзғатган ва зўравонликка чақирган реваншистларга қарши мамлакат ҳудудида амалий чоралар кўрилмаган, озарларга қарши ҳарбийлаштирилган ноқонуний тузилмалар ўз фаолиятини давом эттирган.

Шу билан бирга, Лочин шаҳри, Забуҳ ва Сус туманининг қишлоқлари Озарбайжоннинг тўлиқ назоратига ўтишидан аввал, у ерда ноқонуний истиқомат қилган арман миллатига мансуб шахслар озарларга нисбатан ўзларининг миллий адоватларини қўполлик билан кўрсатиб, уларга тегишли уйларни ёқиб юборишган. Арманистон ҳукумати ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ёки ушбу шахсларни содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортиш учун ҳалигача самарали чоралар кўрмаган.

Бундан ташқари, 2021 йилда Лочин туманини миналардан тозалаш жараёнида Арманистонда ишлаб чиқарилган 1400 тагача миналар топилган. Миналар кўмилган ҳудудларнинг мутлақ кўпчилиги бир пайтлар озарлар яшаган қишлоқ ва аҳоли пунктларидир. Ушбу провокациядан кўзланган асосий мақсад ички кўчирилганларнинг ўз ватанига қайтишига сунъий йўл қўймасликдир.

ТИВга кўра, Арманистон Халқаро суднинг 2021 йил 7 декабрдаги қарорларини қўпол равишда бузганлигини кўрсатувчи ушбу далил бугун Халқаро судга расман тақдим этилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 2.9
t
×