Баку Лочин йўлагини вақтинча ёпти
Олам
−
12 Июль 2023
2668Кеча, 11июль куни Озарбайжон Лочин чегара пункти фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда “Interfax” мамлакат чегара хизмати хабарига таяниб хабар берди.
Айтилишича, бунга Халқаро Қизил Хоч қўмитасига қарашли автомашиналар орқали контрабанданинг такрорий олиб ўтилишга уринишлар сабаб қилиб кўрсатилган.
“Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Озарбайжон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, зарур тергов тадбирлари якунлангунига қадар Лочин бўйлаб ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилди”, дейилади хабарда.
Озарбайжон томонига кўра, контрабандачилар Лочин йўлаги орқали олиб ўтилган рухсат этилмаган товарлар орасида телефонлар, қувватловчи қурилмалар ва бензин ҳам бор.
Халқаро Қизил Хоч қўмитаси контрабандачилар фаолиятига алоқадорлик гумонларини рад этган.
“Қўмита Лочин йўлаги орқали рухсат этилмаган товарларнинг олиб ўтиши юзасидан билдирилган хавотирлардан хабардор ва бундай фаолиятни қўллаб-қувватламайди. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси автомашиналарининг ҳеч бирида рухсат этилмаган товарлар топилмади. Барча юклар Озарбайжон Республикаси божхона назоратидан ўтказилади”, дейилади ташкилот муносабатида.
Хабарларга кўра, тўрт нафар ёлланган ҳайдовчи вақтинчалик қўмита ёрлиғи ёпиштирилган автомашиналарда бир қанча тижорат товарларини Тоғли Қорабоғга олиб ўтмоқчи бўлган.
"Бу шахслар қўмита ходимлари эмас ва ташкилот улар билан тузилган хизмат шартномаларини дарҳол бекор қилди. Бизнинг Лочин йўлагидаги ишимиз доимо инсонпарварлик характерига эга", дея изоҳлаган ташкилот.
Маълумот учун, Лочин йўлаги Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўлдир. 2023 йил 23 апрелда Баку Хакари кўпригида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди ва буни инсон кучи, қурол-яроғ ва миналарни ноқонуний ташишнинг олдини олиш зарурати билан асослаган.
Ўз навбатида, Арманистон бу каби айбловларни рад этиб, Озарбайжон 2020 йилги сулҳ битимини қўпол равишда бузаётганини айтган.
LiveБарчаси