Бахтиёр Саидов Трампнинг жамоаси билан учрашди (видео)
Жамият
−
10 Апрель
4061Кеча, 9 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Саидовнинг билдиришича, у Марко Рубио билан Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги йўналишлари бўйича ҳар томонлама фикр алмашган. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий қарашларни чуқурлаштириш каби муҳим йўналишлар кун тартибидан ўрин олган.
“АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларини изчил қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолаймиз. Стратегик шериклик доирасидаги юқори даражадаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш орқали икки томонлама муносабатлардаги ижобий динамикани қўллаб-қувватлашга келишиб олдик”, деб ёзган у.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазири Вашингтон шаҳрида АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан очиқ ва самарали мулоқот ўтказган. Учрашув давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқликни тасдиқлаган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар муҳокама қилинган.
“Кун тартибимиз хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт, минтақавий боғлиқлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланишни рағбатлантириш масалаларига қаратилди. АҚШ Президенти томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастури ва минтақада тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг доимий қўллаб-қувватланишини юксак қадрлаймиз”, деб ёзади Саидов.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюснинг маълум қилишича, Ўзбекистон ИШИДга қарши кураш бўйича глобал коалицияга тўлақонли аъзо бўлишга қарор қилган ва Давлат котиби Рубио Бахтиёр Саидов билан учрашувда буни олқишлаган. Рубио, шунингдек, Ўзбекистонга АҚШдан депортация қилинганларини қайтаришга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирган.
“Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан хавфсиз атом энергияси технологияларини модернизация қилиш, мамлакатларимиз ўртасидаги сармояларни кўпайтириш, стратегик шериклигимизни янада ривожлантириш мақсадида муҳим фойдали қазилмалар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга интилади”, дейди Давлат департаменти воизи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Комилов 7 апрель куни Вашингтонда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашганди. Давлат котиби ўринбосари ноқонуний иммиграция ва терроризмга қарши курашиш бўйича доимий ҳамкорлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси