Бахтиёр Саидов Фаластин Ташқи ишлар вазири билан учрашди
Олам
−
21 Август 2023
3188Бугун, 21 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тошкентда фаластинлик мавқедоши Риад Малки билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Асрлар давомида шаклланган тарихий ришталаримиз кўплаб йўналишларда алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ва Фаластин бозорларини кашф қилишда икки мамлакат ишбилармонларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деб ёзган Бахтиёр Саидов.
Билдирилишича, Ташқи ишлар вазирларининг кенг қамровли учрашувидан сўнг вазирликлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида Баённома имзоланган. Унда муносабатларнинг устувор йўналишлари, эришиладиган аниқ мақсадлар ва асосий қадамлар белгиланган.
“Ишончимиз комилки, ушбу ҳужжат ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим ўрин эгаллайди”, дейди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Маълумот учун, Ўзбекистон Исроил-Фаластин можаросида бетараф қолиб, ҳар икки мамлакат билан ҳам алоқа қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканини билдирганди. Ўзбекистон ТИВ баёнотида Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши лозимлиги қайд этилганди. Шу йилнинг май ойида эса Ўзбекистон ҳукумати аъзоси 25 йил ичида илк бор Исроилга ташриф буюрди. Ўшанда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев яҳудий давлатига бориб, у ерда Энергетика вазири Исроил Кац ва Қишлоқ хўжалиги вазири Ави Дихтер билан учрашган. Исроил ҳукумати Ҳамроевнинг ташрифига катта аҳамият берган, чунки бу Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг 1997 йилдан буён ушбу мамлакатга биринчи ташрифи бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь