Шўрпешона реформатор. Президентликдан панжара ортига

Таҳлил

Муросасиз сиёсий курашлар орқали ҳокимят тепасига келиш, уни 10 йил давомида бошқариш, мамлакатни совет сиёсий тузуми қолдиқларидан тозалаш ва модернизация қилиш, давлатни тез суръатларда жадал ривожлантириш, аммо энг сўнггида жиноятчи сифатида қўлга олиниш ва 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниш, қисқа вақт ичида салобатли ва кўркам сиёсатчидан қоқсуяк ва ачинарли аҳволдаги маҳбусга айланиш. Бугунги Сиёсий даҳо лойиҳамизнинг бош қаҳрамони Грузиянинг муросасиз ва зиддиятли собиқ президенти Михаил Саакашвили.

Чақимчи Миша

Тбилисининг Сабурталин туманида элитар қатламга мансуб оилаларнинг фарзандлари таҳсил оладиган 1-сонли мактаб бўлган. Унинг яқинида дарс тугаши билан тўпланувчи қора Волгалар КПСС сезди пайтидаги автомобиль тураргоҳининг манзарасини эслатарди. Оддий халқ болаларини учратиш қийин бўлган бу мактабда деярли барча ўқувчиларнинг оила аъзолари ё мансабдор, ё бўлмаса катта тадбиркор эди. Қаҳрамонимиз Мишанинг оиласи ва қариндошлари ҳам бундан мустасно эмасди. Унинг она томондан бобоси НКВД расмийси, тоғаси Темур Аласания эса Совет давридаги КГБ генерали, кейинчалик эса дипломат бўлиб фаолият юритган юқори даражадаги мулозим эди.

Миша табиатан ёлғизликни хуш кўрувчи, ўртоқларига қўшилишни унчалик ҳам истамайдиган бола сифатида ёдда қолган. Бу унинг ягона хилқати эмасди. У ўқитувчи ва мактаб маъмуриятининг синфдаги “қулоғи” ҳам бўлган. Барча синф болалари дарсдан қочишганда, қаҳрамонимиз бу ҳақда мактаб директорига оқизмай-томизмай айтиб беришдан тоймаган. “Уни бу ишлар ҳечам хижолатга солмасди”, дея эслайди синфдошларидан бири. Албатта, Миша бу иши учун вақт ўтиб синфдошлари томонидан жазоланган. Орадан вақт ўтиб, 7-синфда ўқишини Верия туманидаги 51-мактабга кўчирган Миша эски одатини ўша ерда ҳам давом эттиргани ҳақида унинг эски синфдошлари яхши эслашади. Хуллас, мактабни яхши баҳоларга битирган Михаил ўзи билан чақимчи номини ҳам қолдириб кетган. Орадан йиллар ўтиб эса бу чақимчи, одамови ва ўзгача табиатга эга болакай келажакда Грузияни 10 йилга яқин бошқарадиган, нафақат Кавказортида, балки бутун постсовет ҳудудида инқилоблар занжирини бошлаб берган ва тарихда турли образларда ном қолдирган Михаил Саакашвилига айланади.

Сермаҳсул олий таълим

Саакашвили босиб ўтган таълим йиллари ва ундаги йўллар исталган талабанинг ҳавасини келтиради. Вериядаги 51-мактабни тамомлаган Михаил ўз келажагини юридик соҳада кўрди. Бу пайт ҳали СССР парчаланмаган ва ўзини Михо деб чақиришларини ёқтирадиган бу йигит олий таълимдаги дастлабки қадамини бегона қилишни хоҳламаган. Саакашвили Украина пойтахти Киевдаги Тарас Шевченко номидаги Халқаро муносабатлар институтининг халқаро ҳуқуқ факультетида таҳсил олишни бошлайди. Саакашвили учун мазкур даргоҳдаги энг муҳим воқелик бу ерда унинг собиқ Украина Президенти Пётр Порошенко билан танишганидир. Икки сиёсий арбоб Киевда бир пайтда таълим олишган. Бу яқинлик кейинчалик йиллар ўтиб, Саакашвили ва Порошенко ўртасидаги сиёсий иттифоқ учун асос бўлиб хизмат қилган.

Киев Михонинг таълим соҳасидаги сўнгги манзили эмасди. Киевдан сўнг у ўқишни Ғарбий Европада давом эттирди. Франция, Италия ва Нидерландияда билимларини оширган бўлажак сиёсатчи, кейинчалик океан ортига йўл олди. Унинг навбатдаги манзили бугунги кунда дунё университетлари рейтингида топ 20 талик ичидан жой олувчи  Нью-Йоркдаги Колумбия университети бўлди. Ушбу таълим даргоҳи Саакашвили учун билим олиш йўлидаги сўнгги бекат эди. Шундан сўнг у 1995 йилгача 2 йил давомида Нью-Йоркдаги юридик хизматлар билан шуғулланувчи фирмада ишлади. Бу қаҳрамонимизнинг сокин ва тинч тарзда ўтган сўнгги дамлари эди. Ундан сўнг эса Михони узоқ йиллик можароли, муаммоларга лиқ тўла, қизғин ва шунинг билан бирга шонли тарихий давр кутиб турарди.

Ҳокимият остонасида

1995 йил. Болтиқбўйи ва Марказий Осиё каби Кавказортида ҳам аллақачон Совет тузумининг куни битган, тузум томонидан оккупация қилинган барча ҳудудларда аллақачон миллий давлатлар ташкил топиб улгурганди. Мустақилликка эришгач, уларнинг олдида ўзига хос сиёсий курс ишлаб чиқиш зарурати сув ва ҳаводек зарур эди. Бунинг учун эса ҳар бир соҳада кучли мутахассислар ва айниқса сиёсий кадрлар керак бўларди. Ғарбнинг ривожланган давлатларидаги бир қанча нуфузли олий таълим даргоҳларида таҳсил олган 28 ёшли Михаил Саакашвили бунинг учун яхши вариант эди. Грузиянинг ўша пайтдаги раҳбари Эдуард Шеварднадзе партиясининг аъзоси Михонинг дўсти Зураб Жвания уни ҳокимият остонасида кутиб олади. У Грузияга қайтиши билан дарҳол 1995 йилнинг ўзида “Грузия фуқаролари иттифоқи” партияси вакили сифатида парламентга сайланди. Ҳаммаси жуда тез рўй берди. Саакашвили 1995-98 йиллар оралиғида Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар қўмитаси раҳбари сифатида фаолият юритди. У бу мансабдаги ишларини ҳуқуқий тизимни тўлалигича ислоҳ қилиш ва жазони либераллаштиришдан бошлади. Хусусан, қўмита раҳбари сифатида қамоқхоналардаги шароитни яхшилаш ишларига бош бўлди. Ғарб тафаккурини яхши ўзлаштирган Михо Грузия сиёсий осмонида аста-секин нур тарата бошлади.

Саакашвилининг сиёсатдаги фаолиятига тезлик билан бир қаторда барқарор прогрессия ҳам қўшилди. 1998 йил август ойида у парламентдаги ўз партиясининг фракцияси раҳбари этиб сайланди. У сиёсий майдондаги фаолияти давомида фақатгина қонун чиқарувчи орган билан чекланиб қолмади. Хусусан, 2000 йил октябрь ойида Саакашвили Эдуард Шеварднадзе томонидан Адлия вазири этиб тайинланди ва унда эндиликда ижроия ҳокимиятида ишлаш ҳамда ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш имконияти пайдо бўлди. Шеварднадзенинг бу қарори эса ўз ҳокимиятининг ағдарилиши учун ўзи томонидан қўйилган биринчи қадам эди. Буни англаш учун эса Эдуардга бир йил етарли бўлди.

Саакашвили Адлия вазири этиб тайинлангандан сўнг 33 ёшида Вазирлар Маҳкамасининг энг ёш аъзоси бўлди. У вазир сифатида коррупцияга қарши курашиш масаласига жуда жиддий ёндашди. У ҳатто йиғилишларда Вазирлар Маҳкамасидаги ҳамкасбларининг ҳашаматли саройлари суратларини кўрсатиб, жанжал чиқаришдан ҳам қайтмасди. Саакашвилининг коррупцияга қарши курашишдаги жонбозлиги унинг қўлидаги асосий қуролга айланиб борди. Юқори даражадаги популизм ва “коррупция кушандаси” образи унинг халқ орасидаги репутацияси ошишига сабаб бўлди. Шундай қилиб, ҳукумат таркибида янги “қаҳрамон” шаклланиб бориши элитадаги тўқнашувлар эҳтимолини ошириб борарди. Дарҳақиқат, бу воқелик ўзини узоқ куттирмади. 2001 йилнинг августида Саакашвили президент Шеварднадзе билан тўғридан тўғри тўқнашди. Шу йили у бир неча йиллар давомида бирга ишлаб келган Шеварднадзе жамоасини коррупцияда айблаган ҳолда ҳукуматдаги ўз истеъфосини эълон қилди. Ушбу ҳаракат ҳокимиятни эгаллаш учун ташланган дастлабки ошкорона қадам эди. Шу йили ўтказилган сайловларда қатнашган ҳолда Михо парламентга қайта сайланди ва ноябрь ойида Шеварднадзега очиқ мухолифат эканини эълон қилди. У “Бирлашган миллий ҳаракат” партиясига асос солди. Бу тузилма унинг иқтидоргача бўлган йўлида халқ қўлловига эришишида машина вазифасини ўтади. Кейинчалик Саакашвили Тбилиси шаҳар кенгаши раиси этиб сайланди. Бу лавозимда у пенсияларни оширди, мактаб дарсликларини текинга совға қилди ва эскирган тураржой биноларини таъмирлашга шахсан ёрдам берди. Бу ишларни у қайси молиявий ёрдам каналлари орқали амалга оширгани шубҳали эди. Бунга жавобни эса кўпчилик у томонидан амалга оширилган инқилобнинг қандай турга мансуб эканлигига қараб фаҳмлашга ҳаракат қилади. Асосий гумонланувчи эса Постсовет давлатларидаги рангли инқилобларнинг архитектори миллиардер Жорж Сорос эди. Саакашвили ва Сорос ҳамкорлиги тўғрисида ортда қолган йиллар давомида жуда кўп ва ҳўп гапирилган. Баъзи манбалар Сорос Михаил Саакашвилининг сиёсий фаолияти учун сарфлаган маблағлари бир неча миллион долларни ташкил қилишини иддао қилади.

Шундай қилиб, ҳокимият учун кураш амалда бошланиб бўлганди. Бу пайтга келиб амалдаги ҳокимият ҳушёрликни йўқотган маҳалда кучли мухолифат шаклланиб улгурганди. Бу 2003 йилги парламент ва президентлик сайловлари арафасида ва ундан кейин яққол намоён бўлди. Мухолифат таркибида уч асосий шахс Саакашвили, унинг дўсти ва “Грузия фуқаролар иттифоқи” партиясининг собиқ раиси Зураб Жвания ва парламент спикери Нино Бурджанадзе бор эди. Улар Тбилиси ва бошқа шаҳарларда овозлар сохталаштирилганига қарши норозилик намойишларини бошлади ва Шеварднадзе истеъфосини талаб қилишди. Қисқа вақт ичида норозилик кайфияти алангалади. Икки ҳафта давом этган ушбу норозиликларнинг сўнгги манзили парламент биноси бўлди. Аммо айрим маълумотларга кўра, Жвания ва Бурджанадзе куч ишлатар тузилмаларнинг қаршилигидан хавфсираб, намойишларнинг сўнгги босқичида парламент биносига қараб ҳаракатланишда иштирок этмаган. Шундай бўлишига қарамай, 22 ноябрь куни Саакашвили ва унинг бир гуруҳ тарафдорлари ўз ҳаракатларини сўнгги лаҳзаларгача давом эттирган ҳолда парламент биносини қаршиликсиз эгаллаб олди. Бу пайтга келиб Шеварднадзе бинони тарк этган ҳолда кенг кўламли намойишларнинг эртаси куни ўз истеъфосини расман эълон қилди.

Бошқарувдаги илк кунлар, йўқотишлар ва омадсизликлар

Бошқарув курсиси бўш, қаршилик қилиши мумкин бўлган тўсиқлар деярли йўқ, халқнинг катта қисми томонидан оммавий қўллов мавжуд ва ташқи ёрдам ҳам йўқ эмас. Саакашвили томонидан қилиниши керак бўлган биргина иш бу – ҳокимиятни расман эгаллаш эди. Сайлов натижалари бекор қилинди ва 2004 йил январь ойида янги сайловлар бошланди. Такроран ўтган сайловда Саакашвили 96 фоиз овоз билан Президент этиб сайланди ва собиқ Совет давлатлари орасида энг ёш раҳбарга айланди. Бу пайтга келиб у 36 ёшда эди. Зудлик билан жуда узун ислоҳотлар карвони йўлга чиқди. Мамлакатда чуқур реформа бошланди. Аммо ислоҳотлар муаммо ва катта йўқотишлар билан доим ёнма-ён юрди. Бошқарувнинг дастлабки йилларини Михо жуда катта йўқотишлар билан бошлади. Улардан энг жиддий ва ачинарлиси бу – унинг узоқ йиллик дўсти ва иқтидорга келишидаги биринчи рақамли сабабчиси, мамлакатнинг ўша пайтдаги Бош вазири Зураб Жвания эди.

2005 йил 3 февралда Зураб Жвания Тбилисида жойлашган Сабурталинская кўчасидаги квартирага дўсти, Грузия Президентининг Квемо-Картли вилоятидаги комиссар ўринбосари Рауль Юсупов билан учрашиш учун келади. Жвания қўриқчиларига бир неча соатдан кейин қайтиб келишларини айтиб, уларга рухсат беради. Орадан вақт ўтиб, қўриқчилар телефон орқали Жвания билан боғлана олмайди. Вазият шубҳали эканини пайқаган тансоқчилар икки мансабдор кириб кетган квартиранинг дераза панжараларини синдириб уй ичига киришади. Уйга киришганда эса не кўз билан қарашсинки, газ иси билан тўлдирилган хонада Жвания ва Юсуповнинг жасадларини кўришади. Ҳар қалай бу Жвания ўлими ҳақидаги расмий версия ҳисобланади. Аммо Саакашвили президентликни тарк этгандан сўнг, Грузия элитасига келган янги бошқарувчилар Жваниянинг ўлими ҳақида янги тергов ҳаракатларини бошлашни таклиф қилганларига қараганда, бу сирли ўлимнинг бошқа биз билмаган сценарийлари ҳам бор бўлиши мумкин.

Саакашвили ўзининг услуби ва сиёсий қарашларига мутлақо зид бўлган ҳарбий куч соҳасида ҳам бир қатор муаммоларга дуч келди. Умуман олганда, у бу соҳада деярли омади келмади. Грузиянинг узоқ йиллик муаммоси бўлган сепаратистик ҳудудлардаги ҳаракат бу даврга келиб қайнай бошлади. Абхазия, Жанубий Осетия ва Ажария каби маъмурий ҳудудлар шулар жумласидандир. Ҳудудий яхлитлик масаласига жиддий путур етказаётган нуқталарга қарши ҳаракатларни бошлаган Саакашвили уларни бирма-бир куч билан бўйсундиришга киришганди. Бу унинг ҳокимиятдаги дастлабки йирик хатоси эди. Михаил бу иши орқали катта таваккалчиликка қўл ураётганини биларди. Чунки юқорида номлари келтирилган ҳудудлардаги сепаратистларни Кремль тўғридан тўғри қўллаб келаётгани ҳеч кимга сир эмасди. Айнан шунинг учун ҳаракатларнинг катта қисми муваффақиятсизликка юз тутди, уларнинг айримлари ҳатто жуда оғир оқибатларни келтириб чиқарди.

Саакашвили 2004 йил августида Жанубий Осетияга қўшин жўнатиб, “исёнкор ҳудудлар” устидан назоратни тиклашга уринди, бироқ улар ўнлаб одамларини йўқотиб, чекинишга мажбур бўлди. Нафақат ўша уруш, балки унинг атрофидаги воқеликлар Михонинг обрўйига доимий салбий таъсир қилувчи омилга айланди. Сабаби, урушда қанча аскар қурбон бўлгани ҳақида бирон бир маълумотларга ишониш қийин, чунки бу ҳақида жуда хилма-хил тахминлар бор. Энг қизиғи, Саакашвилининг танқидчиларига кўра, бу уруш қурбонлари билан боғлиқ масала кўтарилмаслигига сабаб – урушга асосан чекка қишлоқлардаги ёш йигитлар жалб қилинганидир.

Кейинчалик исёнкор Абхазия билан ҳам шундай воқеа содир бўлди. Аммо Саакашвили маъмурияти бундай тўқнашувларнинг барчасида ҳам мағлуб бўлавермаган. У илгари кенг автономияга эга бўлган ва марказий ҳукуматга деярли бўйсунмайдиган, Туркияга кўпроқ мойил бўлган жанубий Грузиядаги исёнкор Ажарияни назорат остига олишга муваффақ бўлади. Бу ғалаба ўша пайтдаги сиёсий элитага осетинлар ва Абхазия билан содир бўлган мағлубиятларни бир мунча хаспўшлашга ёрдам берган.

Қора доғлар

2006 йилда ёш либераллар жиноят ва коррупцияга қарши тоқатсизлик ҳаракатини эълон қилди. Эшитилишидан тантанавор руҳдаги бу қадам амалда охири кўринмас, оммавий қамоққа олиш жараёнига старт берилганини англатарди. Шундай ҳам бўлди. Ўша пайтларда жазони ижро этиш муассасалари хўл-у-қуруқ билан бирдек тўлганлиги иддао қилинади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ушбу қисқа давр ичида қамоқхоналарда 300 мингдан ортиқ маҳбус сақланган. Бу рақам Грузия аҳолисининг ўндан бир қисмини ташкил қилишини ҳисобга олсак, ушбу маълумотлар ҳақиқатдан мутлақо йироқ эканини англашимиз қийин эмас. Аммо инсон ҳуқуқлари активистларининг маълум қилишича, Саакашвили даврида маҳбуслар сони илгаригига нисбатан 3 баробар ошган. Умуман олганда, озодликдан маҳрум қилиш жазосини керагидан кўп қўллаган Грузия ҳукуматининг ҳаракатлари ҳатто Ғарбдаги ҳамкорларининг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлганини ҳисобга олсак, активистларнинг маълумотларига бемалол ишонсак бўлади. Аммо 300 мингдан ортиқ маҳбус сақланганлиги ҳақидаги айбловларга соғлом ақл ҳеч қачон алданмайди.

Сиёсий тизимга энди қўшилган пайтлари ҳуқуқ тизимининг бош ислоҳотчиси ва қамоқхоналардаги шароитни яхшилаган инсон сифатида танилган Михаил Саакашвили ушбу икки тизимда кейинчалик катта “қовун” туширди. Айрим маълумотларга қараганда унинг даврида қамоқхоналар шароити аслида дунё ҳамжамиятига кўрсатилгандек бўлмаган. Аммо у ҳуқуқ тизимида бундан-да қўпол хатога ҳам йўл қўйганди. Мамлакат қонунчилигида Саакашвили томонидан йўл қўйилган энг қўпол хатолик бу – жиноий жавобгарлик ёшини 12 ёшгача тушириб қўйилганлигидир. Бу 12 ёшдаги болакай ҳам айрим жиноятлар учун жазоланишини англатарди. Дунёнинг кўплаб давлатларида 14-15 ёшни ташкил қилувчи бу тартиб Грузияда тўсатдан 12 ёшгача пасайтирилгани мамлакатдаги ҳуқуқ тизимига нисбатан нафратни беҳад кучайтириб юборади. Бироқ бу хатолик у ҳокимиятдан кетгандан сўнг тўғриланди ва ҳозир ушбу мамлакатда жиноий жавобгарлик ёши 14 ёшни ташкил этади.

Инқилобий ислоҳотлар

36 ёшли қизиққон ва жанжалкаш Михаил Саакашвили ҳокимият тепасига келгандан сўнг ўзгаришлар жуда тез бошланди. Бу йўлда қилинган энг биринчи иш кадрлар алмашинуви бўлди. Энг муҳим лавозимларга тайинлашда ёш ва тажрибага деярли эътибор берилмади. Давлат бошқарувидаги юқори мансабларда ҳали 30 ёшга тўлмаган ёшларни кўриш мумкин эди. Чунки Саакашвили давлат тепасига келганда “менга 40 ёшдаги кадрлар ва қариндошларим керак эмас” деб айтганди. Тан олиш керакки, у сиёсий фаолияти давомида ўзининг ушбу принципига қатъий амал қилди. Ҳатто университетни энди тамомлаган ёшларга ҳам айрим муҳим лавозимлар топширилди. Албатта, буларнинг барчаси алоҳида суҳбат ўтказишлар асосида амалга оширилди. Янги сиёсий элитага тадбиркорлар ҳам жалб қилинди ва, энг қизиғи, шу тадбиркорлардан бири Каха Бендукидзе Грузия ривожида муҳим роль ўйнаган бир қанча ислоҳотларнинг бош архитекторларидан бири бўлди. Сон-саноқсиз янги ислоҳотларга старт берилди. Саакашвили ўз ишини сиёсий элитани тозалашдан бошлади. Кадрлар сиёсатидаги ўзгача услубияти билан ҳали узоқ вақт эсланувчи Саакашвили, бу соҳада ўзига хос “шафқатсиз” раҳбар бўлиб танилди. Тажрибада деярли учрамайдиган, қисқа вақт ичида 13 000 кишини ишдан бўшатиш амалиёти кўпчиликни гангитиб қўйди. Мазкур қарор унга қарши бўлган айрим тор доираларнинг норозиликларига сабаб бўлмай қолмасди. Чунки менюни тубдан ўзгартириш дастурхон тепасида турган хўрандаларнинг табини хира қилиши табиий ҳол эди. У ҳокимият тепасига келган дастлабки йилларини олдинги маъмурият даврида гуллаб-яшнаган коррупционер амалдорлар ва уларга алоқадор бўлган бизнесменларни ҳибсга олиш билан бошлайди. Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Мамлакатда бюрократиянинг ҳар қандай кўриниши йўқ қилинди. Хусусан, Саакашвили томонидан тайинлаган Иқтисодиёт вазири, таниқли тадбиркор Каха Бендукидзе коррупция манбалари бўлган кўплаб назорат қилувчи органларни йўқ қилиш ҳақидаги тавсияси ортидан бир қанча самарасиз ва бюрократик тўсиқдан бошқа ҳеч нарсага ярамайдиган давлат муассасалари тугатилади. Бозор иқтисодиётининг асосий талаби бўлган хусусийлаштириш жадал олиб борилди. Иқтисодиёт давлат қарамоғидан озод қилинди. 2007-2008 йилларга келиб бу туб ислоҳотлар ўз сўзини айтди. Аҳолиси атиги 3 миллион, ҳудуди эса 69 минг кв.км бўлган бу мамлакат бутун дунё кўз ўнгида иқтисодий мўъжиза намойиш этди. Кавказорти ҳудудида кутилмаганда ижобий портлаш юз берди. Ғарбда таълим олган, либерал руҳдаги ёшлар ушбу ўзгаришларни амалга оширишда анча тер тўкишди. Бу ишларни амалга оширишда миллий қадриятлар ҳам бирмунча четга сурилди. Либерализмга зид бўлган миллий қарашлар ҳукумат томонидан рад этилгани ўша пайтда ва ҳатто бугун ҳам грузинлар томонидан кескин танқидга учрайди. Сабаби Саакашвили “ислоҳотлар натижасини мустаҳкамловчи асосий омил менталитетдир” дея жуда кўп бор таъкидлаб ўтган. Танқидчилар Саакашвилини Грузия халқининг генофондини йўқ қилганликда айблаган ҳолда, бунга унинг юқоридаги фикрини асос қилиб келтиришади.

Саакашвили бошқарувга келганида ҳам коррупцияга қарши тоқатсизлик характерини намойиш этишда давом этди. У буни бутун президентлик фаолияти давомида, ҳатто Украинадаги губернаторлик даврида ҳам жуда кўп дастаклаган. Умуман олганда, Михонинг президентлик даври, президентликдан олдинги ва кейинги даврлари уч босқичда таҳлил қилинадиган бўлса, Саакашвили уларнинг барчасида аҳолининг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланган коррупция муаммосини кун тартибига қўйиш орқали халқнинг “Робин Гуд”ига айланган.

Бундан ташқари, Саакашвили маъмурияти томонидан қилинган, натижаси аниқ кўринувчи яна бир қанча ислоҳотлар ҳам бор эди. Хусусан, 2004 йилнинг ёзида барча йўл полицияси ходимлари бир лаҳзада ишдан бўшатилди. Уларнинг ўрнига кичик, аммо юқори ҳақ тўланадиган ихчам ва самарали полиция патрули яратилди. Саакашвили маъмурияти ўша пайтда таъкидлашича, бу ислоҳот пора олмайдиган ва қонунбузарликларга қарши сифатли тарзда курашувчи тизим эди. Олий таълимда ҳам бир қанча ўзгаришлар амалга оширилган. Ёши катта мутахассисларга тизимдан чиқиш эшиклари кўрсатилган. Миллий имтиҳон жорий этилиши орқали университетларга киришда коррупция ҳолатлари деярли йўқ қилинган. Бу даврда Грузияда Адлия уйи ҳам очилганди. Бу фуқароларга хизмат кўрсатувчи махсус муассаса бўлиб, улар тезда паспорт ёки бошқа ҳужжатларни шу жойнинг ўзида расмийлаштириш, кўчмас мулк ёки тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишлари мумкин эди. 2003 йилдан 2012 йилгача давлатнинг амалдаги даромади деярли ўн баравар ўсди. Пенсиялар ҳам 2003 йилдаги 14 ларидан (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 7 доллар) 2012 йилда 150 ларигача (тахминан 90 доллар) ошди. Грузияга ташриф буюрган россиялик ёзувчи ва иқтисодчи Лариса Буракова юқорида сўз юритилган ислоҳотларнинг натижасини амалда ўз кўзи билан кўрганлигини қайд этган.

Ҳокимиятдаги сўнгги кунлар ва ундан кейинги дарбадарлик

Қаҳрамонимиз иккинчи бор президентлик муддатига сайланиши халқаро доирада қўллаб-қувватланганига қарамай, унинг ҳокимиятда узоқ қолмаслигига бир қанча сабаблар йиғилиб қолганди. Жанубий Осетия ва Абхазиянинг бой берилиши, мухолифат вакилларининг ҳибсга олиниши, намойишларни куч билан тарқатиш, бу – Саакашвили ҳокимиятининг умри охирлаб қолаётганидан далолат эди. Бу пайтга келиб Конституция янгиланган, Михо эса эндиликда Президент сифатида эмас, балки парламентар республика шаклига ўтган Грузияни Бош вазир сифатида идора қилиши мумкин эди. Бироқ иккинчи президентлик мандати якунланиши арафасида Саакашвилига жиддий рақиб рўбарў келди. Бу – дунё миқёсидаги миллиардер Бидзина Григорьевич Иванишвили эди. У илк бор 2011 йил октябрь ойида ҳокимият учун курашга қўшилганини эълон қилади.

Грузияда кўп йиллар давомида хайриячи ва инсонпарвар сифатида обрўга эга бўлган миллиардер ўз атрофида кучли сиёсий иттифоқини тўплади ва Саакашвили учун янада хавфли рақибга айланди. Михонинг маъмурияти Иванишвилининг янги телекомпаниясига муаммолар яратишга чиранди. Бундан ташқари, Иванишвилини Путиннинг “қурилмаси” деб тарғиб қилишди. Бунга сабаб Бидзина бойлигининг катта қисми СССР ва унинг вориси бўлган Россия билан боғлиқ эди. Лекин Саакашвили бошчилигидаги маъмуриятнинг бу ҳаракатлари акс таъсир берди. Бу пайтда Бидзинанинг клани ҳам жим ўтирмади. Унинг телекомпанияси сайловлар арафасида Грузия қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг таҳқирлангани ҳақидаги яширин тасвирларни эфирга узатиш орқали жиддий юришни амалга оширди. Бу видеотасвирларда грузиялик қамоқхона қўриқчилари маҳбусларни калтаклагани ва бошқа кўринишлардаги зўравонликларни қилаётгани акс этганди. Саакашвилининг сўнгги пайтлардаги қамоқхоналар билан боғлиқ сирли сиёсати ўзининг бошига етди. Шундай қилиб, буларнинг барчаси 2012 йил 1 октябрдаги сайлов натижаларига таъсир қилди. Саакашвилининг партияси тўққиз йиллик назоратдан сўнг ҳокимиятни қўлдан бой берди ва унинг ўрнини Иванишвилининг “Грузия орзуси” партияси эгаллади.

Зиддиятли сиёсатчи бу вақт оралиғида ўзининг янги ҳукумат томонидан таъқиб қилинишидан хавотирлангани сабабли мамлакат ҳудудини тарк этганди. Шу пайтдан бошлаб унинг ҳаётида янги давр бошланди. У Массачусетс штатидаги Тафтс университетининг ҳуқуқ ва дипломатия факультетида маърузачи бўлиб фаолият юрита бошлади. Бироқ унинг бу ердаги янги фаолияти узоққа чўзилмайди. Рангли инқилоблар узоқ йил тин олгандан сўнг мазкур жараён яна дунё саҳнасига қайтди. 2014 йилда Украинада содир бўлган инқилоб натижасида заиф, Кремль қўғирчоғи Виктор Янукович бошқарувни тарк этди ва унинг ўрнини Саакашвилининг эски қадрдони Пётр Порошенко эгаллади. Европа Иттифоқига қўшилишга ваъда берган ҳолда бошқарувга келган бизнесмен бу йўлда атрофига ғарбпараст сиёсатчиларни йиғиши лозим эди. Саакашвилининг портфолиоси эса бу талабга мутлақо жавоб бера оларди. Сиёсатдан нафас олувчи Саакашвили тез орада ўз ишига қайтади, фақат бу сафар бошқа давлат ва бошқа даражада.  

2015 йил Украина фуқаролигини қўлга киритган Саакашвили Одессани губернатор сифатида бошқара бошлайди. Ундаги тажриба туфайли Украина сиёсий элитаси ва халқи Саакашвилидан жуда кўп нарса кутаётганди. Лекин реформалар ҳар доим ҳам юқори сифатда такрорланавермайди. Бунинг устига ўша пайтда қизиққон собиқ реформаторнинг эски касали яна қайталади ва ўз давлатида бўлгани каби бу ерда ҳам мамлакатнинг амалдаги президентини коррупцияга қарши жуда суст курашишда айблади ва губернаторлик лавозимини тарк этишини эълон қилди. Саакашвили Грузияда қандай ҳокимиятга келган бўлса, Украинада ҳам шундай ишни амалга оширмоқчи бўлди. У Порошенкони коррупцияда айблаб, губернаторлик лавозимини тарк этгандан сўнг Порошенкога қарши мухолифат позициясидан жой олди. Бироқ ўша пайтда Саакашвили АҚШга ташриф буюрганидан устомонлик билан фойдаланган Порошенко уни мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилди. Шундан сўнг Саакашвили Украинага Польша орқали қайтган, бироқ 2018 йилнинг февралида ҳибсга олинган ва Польшага депортация қилинган. У рафиқаси фуқароликка эга бўлган Нидерландияга кўчиб ўтди ва у ердан ўқитувчи сифатида иш топди. Аммо 2019 йилда унга яна Украина фуқаролиги тақдим қилинди. Бу сафар Саакашвилига бундай имконият янги Президент Владимир Зеленский томонидан тақдим қилинганди. 2020 йилнинг май ойида Зеленский Саакашвилини ўзининг Ислоҳотлар ижроия қўмитасига раҳбар этиб тайинлади. Аммо умрининг охирида бир жойда қўним топа олмаган Саакашвили охири қопқонга тушади.

Грузиядаги 2020 йилги парламент сайловларига бир неча ҳафта қолганида Саакашвили Украинадан Грузияга қайтиш ниятини билдирди. Фуқаролиги йўқлиги ва мамлакатга қайтгандан кейин қамоққа олиниш таҳдидига қарамай, “Бирлашган халқ ҳаракати” уни эртаси куни бош вазирликка номзод қилиб кўрсатди. Бироқ мазкур партия сайловда ютқазди ва Саакашвили Украинада қолди. Октябрь ойидаги муниципал сайловлар олдидан сайловчиларни фаоллаштириш мақсадида у кейинги йили яна Грузияга қайтиб келади. У қайтиб келганини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб ҳибсга олинади.

Ачинарли хотима

Саакашвили хориждаги бир неча давлатлар орасида “бўзчининг мокисидек қатнаб юрган” пайтда 2014 йилда Грузия Бош прокуратураси унга қарши бир қатор жиноий иш қўзғатганди. Бу ишлар қуйидагилардан иборат эди:

1. Банк ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилиши муносабати билан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (у Тбилиси чеккасида Ички ишлар вазирлигининг юқори мансабдор шахслари билан ресторанда жанжалдан кейин ўлик ҳолда топилган). Мазкур иш бўйича Ички ишлар вазирлигининг тўрт нафар ходими судланган, бироқ амнистияга кўра қисқа вақт ичида озодликка чиқарилган. Ўлим юзасидан олиб борилган тергов хулосасига кўра, Саакашвили ҳақиқий жиноятчиларни яширган.

2. 7 ноябрдаги намойишни тарқатиш ва Имеди телеканалига бостириб кириш муносабати билан расмий ҳокимиятдан ҳаддан ташқари фойдаланиш.

3. Давлат маблағларини исроф қилиш. Бу масала бўйича оммага ошкор бўлган биринчи иш президентга олтита куртка сотиб олиш ҳамда давлат ҳисобидан суши-барда тушлик қилиш бўйича эди. Кейинчалик замонавий меҳмонхоналарда қолиш, косметика клиникаларига ташриф буюриш, массаж ва кийим-кечак сотиб олиш каби айбловлар ҳукумат ҳисобларига қўшилди. Умумий сарфланган сумма 8,8 миллион лари (тахминан 3,3 миллион доллар)ни ташкил этди. Ушбу иш юзасидан Грузиядаги Саакашвилининг оиласига тегишли мол-мулк, жумладан, унинг Кахетиядаги дачаси (дам олиш қишлоғи уйи), рафиқаси Сандра Рулофсга тегишли квартираси мусодара қилинган.

4. 2021 йилда Грузия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш.

Қўлга олингандан сўнг сиёсатчининг сўнгги 2 ярим йилги ҳолати кўпчиликка аён. Унинг устидан бир қанча суд жараёнлари ўтказилди. Бу вақт оралиғида очлик эълон қилган Саакашвили қоқ суяк бўлиб қолди, руҳий ҳолати бузилди, соғлиғи кескин тарзда оғирлашди ва ҳатто 17 та касаллик бўйича ташхис қўйилган дамлар ҳам бўлди. Шунча азобларнинг устига бугун хусусий клиникада даволанаётган Саакашвили соғлиғи тикланиши билан дарҳол ўзига ҳукм қилинган 9 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи лозим. Қамоқхонадан шифохонага, шифохонадан қамоқхонага. Бу сиёсий карьераси тарихга муҳрланган, постсовет дунёсида янги даврни бошлаган сиёсий даҳонинг бугунги аҳволи. Бу ҳам етмагандай, жорий йил август ойида Саакашвилига нисбатан яна бир айблов эълон қилинди. Грузия прокуратурасига кўра, у чегарани кесиб ўтган маҳалда бунга гувоҳ бўлганларга нисбатан Саакашвили томонидан босим ўтказилган. Хулоса шуки, собиқ Грузия Президенти бугун ҳар томондан сиқувга олинган ва айни дамда шўрликнинг аҳволи жуда ачинарли. Курашувчанлик ва таслим бўлмаслик қон-қонига сингиб кетган Саакашвили озодликда бўлса, унинг ҳокимият учун курашга кирмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Шундай экан, айни пайтда сиёсий рақиблари Михони ҳар қандай йўл билан сиёсий майдондан йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто маълум муддат илгари унга сиёсатдан кетиш ҳақида очиқдан очиқ тавсиялар ҳам янгради. Содда қилиб айтганда эса бугун Грузияда ҳукмрон бўлган ва россияпараст эканлиги айтиладиган “Грузия орзуси партияси” ўз сиёсий карьераси давомида Кремль учун ҳақиқий бош оғриқ бўлган Михаил Саакашвилини ҳам руҳан, ҳам жисмонан йўқ қилишга жиддий бел боғлагандек таассурот уйғотмоқда.

Реформаторлар бахтли бўлишмайди

Саакашвилининг Грузия тараққиёти учун қилган саъй-ҳаракатлари кўплаб соҳа мутахассисларининг эътирофига сабаб бўлишига қарамай, бу сиёсий даҳо “реформаторлар бахтли бўлишмайди” деган қоиданинг қурбони бўлди, дейишимиз мумкин. Шундай бўлса-да, Саакашвили атрофида бир-бирига тубдан қарши бўлган икки хил фикр мавжуд бўлиб қолаверади. Кимдир уни давлат пойдеворини қурган ислоҳотчи сифатида таниса, бошқалар уни шунчаки Ғарбнинг минтақадаги контрацептив воситаси деб билади. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам сиёсий лидер ҳаммани хурсанд қилиши иложсиз. Бу ўринда “агар ҳаммани бирдек хурсанд қилишни хоҳласанг, лидер эмас, балки музқаймоқ сотувчиси бўл” деган нақл Саакашвили сиёсий фаолиятининг моҳиятини маълум маънода очиб бериши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Михаил Саакашвили Реформатор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг