БААда об-ҳавонинг “қизил” даражали хавфи эълон қилинди
Олам
−
15 Август 2022
16835Бирлашган Араб Амирликлари Миллий метеорология маркази мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида об-ҳавонинг “қизил даражали” хавфини эълон қилди. Бу ҳақда “Khaleej Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, БААда ёмғир ва кучли шамол кузатилмоқда. Дубайни қамраб олган қум бўрони фуқаролар ҳаётига хавф солиши мумкин. Шу сабаб расмийлар аҳолини бир неча кунлик беқарор об-ҳавога тайёрланишга чақиряпти.
Ўта хавфли об-ҳаво шароитида катта вайронагарчилик ва фалокатлар эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Ҳаддан ташқари интенсивликдаги метеорологик ҳодисалар жиддий моддий зарарни келтириб чиқариши ва одамларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.
Кеча, 14 август куни Абу-Даби расмийлари автомагистралларда 500 метрдан кам бўлиши мумкин бўлган кўриниш кескин пасайганлиги сабабли ҳайдовчиларга фақат фавқулодда ҳолатларда рулга ўтиришини тавсия қилганди. Синоптикларнинг таъкидлашича, мамлакатда бир неча кунлик беқарор об-ҳавога ҳозирлик кўрилмоқда – ёмғир ёғиши ва қумни ҳавога кўтарадиган кучли шамол кутилмоқда.
БААда ёмғирли ва чангли об-ҳаво камида 26 август кунига қадар давом этиши мумкин, шу сабабли ҳаво ҳарорати пасаяди. Айрим ҳудудларда шамол тезлиги соатига 40 километрга етиши эҳтимоли бор.
Синоптиклар аҳолини яқин кунларда имкон қадар ҳушёр бўлишга, водийлар ҳамда сув босган ҳудудларга, шунингдек, кўчки ва сел келиши хавфи мавжуд жойларга бормасликка чақирмоқда.