БААда қолиб кетган ўзбекистонликлар меҳмонхонага жойлаштирилди
Жамият
−
03 Март 1193 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги кескин вазият сабабли парвозлар бекор қилингач, Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги Бош консулхонаси Дубай, Шарджа ва Абу-Даби шаҳарларидан ортга қайта олмаётган ўзбекистонликларни меҳмонхонага жойлаштирди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Келтирилишича, 2 март ҳолатига кўра, Дубайдаги “Hyatt Place Dubai” меҳмонхонасига жами 93 нафар фуқаро жойлаштирилган. Уларнинг 61 нафари ушбу меҳмонхонанинг ўзидан чиқариб юборилган фуқаролар бўлиб, вақтинчалик тураржой масаласида қийин аҳволга тушиб қолганди.
Шунингдек, 27 нафар “Floria Hotel” меҳмонхонасидан чиқариб юборилган фуқаро ҳам жойлаштириган. Қолаверса, кўчада қолиб кетган 5 нафар фуқаро ҳам аниқланиб, хавфсиз жойга кўчирилган.
Бундан ташқари, “Hampton by Hilton Dubai” меҳмонхонасига 39 нафар фуқаро жойлаштирилиб, уларнинг яшаш шароитлари таъминланган.
Шу билан бирга, Абу-Даби шаҳрида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 4 нафар фуқаро “AG Hotel Abu Dhabi” меҳмонхонасига жойлаштирилган. Уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги алоҳида назоратга олинган.
“Ҳозирги вақтда барча фуқароларимизга зарур амалий ва ташкилий ёрдам кўрсатилмоқда. БААдаги Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва мутасадди ташкилотлар томонидан вазият доимий равишда мониторинг қилиниб, ҳар бир мурожаат тезкор тарзда кўриб чиқилмоқда. Ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли ушбу минтақадаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш бўйича Бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берганди.