БАА Президенти биринчи марта Францияга борди
Олам
−
18 Июль 2022
7988Бугун, 18 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол-Наҳён икки кунлик давлат ташрифи билан Францияга борди. Уни Парижда Франция етакчиси Эммануэль Макрон кутиб олди.
Мазкур ташриф Шайх Муҳаммад бин Зоиднинг БАА Президенти сифатидаги сиёсий таржимаи ҳолидаги биринчи ташрифдир.
“Мамлакатларимиз кўп соҳаларда узоқ йиллик ҳамкорликни давом эттирмоқда. Биз фаровон келажак сари йўлда ҳамкорлик ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга интиламиз”, деган БАА Президенти.
Таъкидланишича, икки давлат етакчилари дунё олдида турган асосий муаммоларни, жумладан, иқлим ўзгариши, энергетика ва иқтисодий барқарорлик соҳаларида ҳал қилиш учун икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини ўрганмоқда.
Икки кунлик ташриф давомида энергетика соҳасида бир қанча шартномаларни имзолаш, шунингдек, Франция-БАА ишбилармонлари кенгашини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Шайх Муҳаммад Зоид Франциянинг юқори даражадаги расмийлари, жумладан, Бош вазир Элизабет Борн ва Миллий Ассамблея Президенти Яэль Браун-Пиве билан учрашади.
ОАВ хабарларига кўра, Украина-Россия уруши туфайли Ғарб давлатларининг Москва билан алоқалари ёмонлашиши фонида Франция ва Европа Иттифоқи мамлакатлари учун нефть ҳамда газ таъминоти масаласи кун тартибига чиққан. Франция БАА билан нефть ва дизель таъминоти борасида музокаралар олиб бормоқда.
Бирлашган Араб Амирликларининг Францияга экспорти 2019 йилда 1,5 миллиард еврони ташкил этиб, рекорд даражага етди. Экспортнинг аксариятиасосий қисмини нефт маҳсулотлари ташкил қилган, бироқ БАА Францияга шу кунгача дизель ёқилғиси етказиб бермаган.
Маълумот учун, БААнинг собиқ Президенти Шайх Халифа бин Зоид ал-Наҳаён жорий йилнинг 13 май куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 73 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига 14 май куни Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён мамлакатнинг янги Президенти этиб сайланди.