Азиз Абдуҳакимов Туркистонда Нурсултон Назарбоев билан учрашди

Жамият 2923
image

Кеча, 4 ноябрь куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида “Turkistan: One way – One history” халқаро туристик форуми ўз ишини бошлади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири Актота Раимкулова, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов, дипломатик корпус ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

“Ўзбекистонда 2016 йилдан туризм стратегик соҳалардан бири сифатида белгилаб олинди, шу боис қўшни давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, бугунги кунда Ипак йўли зонасини яратиш (Silk Visa режимини жорий қилиш)га доир лойиҳани амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бугун биз аниқ натижага эришиш йўлида ҳамкасбларимиз билан ушбу масалани яна бир бор муҳокама қиламиз”, дейди Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида. Шу билан бирга, туристлар оқими, инвесторлар учун имтиёзлар ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасида кузатилаётган ўзгаришларга оид маълумотлар тақдим этилди. 

“2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президенти қарори билан туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туристик маҳсулотлар диверсификацияси ҳамда сайёҳларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Буюк Ипак йўли мамлакатларида туризмни тиклаш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. Йирик рейтинг агентликлари Ўзбекистонни туризм соҳаси энг жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этмоқда, туризм ривожи динамик кўрсаткичлари Ўзбекистон тарихида энг катта ўсишни намойиш этмоқда”, дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов. 

Бундан ташқари, Қўмита раиси виза режимининг соддалаштирилгани, визанинг алоҳида турлари ҳамда икки томонлама муносабатлар ривожи ҳақида сўзлади. Форум доирасида Ипак йўли кесимидаги мамлакатларда туризмни ривожлантириш, туризм соҳасини рақамлаштириш ҳамда маркетинг йўналишидаги янги имкониятлар ва трендлар, шунингдек келажак иқтисодиётида ҳозирги ёшларнинг тутган ўрни каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Халқаро форум ишида 300 дан ортиқ киши иштирок этиб, уларнинг орасида хорижий мамлакатлар вазирликлари вакиллари, туризм соҳасининг халқаро даражадаги профессионаллари, давлат ҳукумат органлари, халқаро бизнес ҳамжамияти, туристик ташкилотлар, уюшмалар ва инвестицион компаниялар вакиллари бор. Таъкидлаш жоизки, 4-5 ноябрь кунлари форум доирасида “Silk Road Craftsman-2019” халқаро ҳунармандлар ярмаркаси ўтказилмоқда. 

4 ноябрь куни ярмаркага Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари ҳамда дипломатик корпуслар вакиллари ташриф буюришди. Ярмаркада Озарбайжон, Туркия, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 200 дан зиёд ҳунарманд иштирок этди. Мазкур халқаро ярмарка халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик мактаблари анъаналарини тиклаш ҳамда асраш йўлида хизмат қилади. 

Форумнинг иккинчи куни, яъни 5 ноябрда Туркистон вилоятининг диққатга сазовор масканлари бўйлаб информацион тур ўтказилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 34
Рейтинг: 3.1
t
×
×