Айтамиз ҳам, қайтамиз ҳам! Тошкент вилояти ҳокимлиги 28 млрдли ҳайкал барибир ўрнатилишини айтди
Жамият
−
13 Декабрь 2021
9805Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимининг фармойиши билан Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши назарда тутилган фармойиши бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур хабарга муносабат билдириб, лойиҳа бекор қилинмаганини айтди ва ўзи эълон қилган хабарни рад қилиб чиқди.
“Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан жорий молия йилини самарали якунлаш мақсадида ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши зарур бўлган муҳим тадбирлар кўламини инобатга олиб, 2021 йил давомида Тошкент вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши таҳлил қилинди.
Унга кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 23 апрелдаги 144-ф-сон фармойишига асосан камералар учун, 2021 йил 30 апрелдаги 157-ф-сон фармойишига асосан кичик саноат зонасида ичимлик ва оқава сув тармоқларини улаш учун ҳамда Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги “Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш тўғрисида”ги фармойишига асосан ажратилган маблағларни белгиланган тадбирлар бўйича ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмаганлиги сабабли ўзлаштириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Қайд этилишича, Бюджет кодексига асосан молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида амалга оширилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши билан келишилган ҳолда юқоридаги тадбирларга ажратилган маблағлар қисман чегирилган.
Шунингдек, вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан қарздорликлар шаклланган бўлиб, чегирилган маблағлар вилоятда олиб борилаётган ва молиялаштирилиши зарур бўлган бошқа мақсадлар ҳамда кредитор қарздорликларни бартараф қилишга йўналтирилиши белгилаб олинган.
“Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш бўйича фармойиш бекор қилинмаган, аксинча, жорий йил молия йили давомида ажратилган маблағларнинг ишлатилмаган қисмидан самарали фойдаланиш ва бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун чегириб олинган.
Ушбу объектга келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилади”, дея якунланган ҳокимлик муносабати.
Бироқ ҳоким томонидан имзоланган фармойишда шундай банд бор эди:
“Бунда, вилоят ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги 179-10-0-Ф/21-сонли фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилсин”.
Ҳокимлик матбуот хизматининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган хабарда лойиҳа бекор қилингани аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилганди.
“Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда “Nurafshon Business City” ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилиши бекор қилинди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида Нурафшонда Зулфия Зокирова ҳайкалини қуриш учун 28,4 млрд сўм, шунингдек, кутубхона биносининг қурилиши учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилгани хабар қилинганди. Бу хабар жамоатчилик орасида кўплаб мунозараларга сабаб бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь