Айрим ҳоким ва “замҳоким”лар ҳам мукофотланди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳокимларни мукофотлади. Бу ҳақда у тегишли Фармонга имзо чекди.

Фармон билан Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова “Эл-юрт ҳурмати” орденини олди. У 2022 йилда туман раҳбари сифатида ишга киришган. Унгача эса Олот тумани ҳокими ўринбосари – туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи бўлган. Наргиза Неъматова 1964 йилда туғилган, унинг маълумоти бўйича мутахассислиги врач-терапевт. 1991 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

Пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев эса “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. У ҳам 2022 йилда ҳокимликка тайинланган. Тайинловга қадар у 2020 йилнинг декабрь ойидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қартириш вазирининг биринчи ўринбосари, 2019 йилнинг март ойидан бошлаб эса Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Саидқаҳҳор Холхўжаев 1981 йил Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти – олий. 2006 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган.

“Шуҳрат” медали билан ҳам қатор ҳокимлар ва ҳоким ўрибосарлари мукофотланди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳокими Элмурод Авазов, Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуродова, Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алишер Қодиров, Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Жалол Арашов, Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими Аҳрор Мансуров, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов, Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев, Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев ушбу мукофотга лойиқ кўрилди.

Маълумот учун, Жарқўрғон ҳокими Элмурод Авазов 2023 йилда ҳоким сифатида ишга киришганди. У 2022 йилдан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Савдо ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Мингбулоқ ҳокими Мансуров эса ўтган йилнинг август ойида туман раҳбари бўлди. Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов ва Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев 2022 йилда тайинланган. Сўх ҳокими эса 2020 йилдан буён туман раҳбариятига бош бўлиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ давлат хизматчилариларини мукофотлаганди. Улар орасида бир нафар вазир, вазир ўринбосарлари ва қўмита раислари ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Чилонзор Олот ҳокимлар мукофотлаш замҳоким

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг