Аввал огоҳлантиргандик – ТИВ Самарада тўпланган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
25 Май 2020
8146Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Самара вилоятидаги Қозоғистон чегараси яқинида тўпланган ўзбекистонликларга мурожаат йўллади. Бу ҳақда вазирлик бугун 25 май куни маълум қилди.
“Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари режалаштирилмаган ва келишилмаган тадбирларни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида аввал огоҳлантирилганликларига қарамасдан Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали ватанга қайтиш истагида бўлган фуқароларимизнинг Россия-Қозоғистон чегараси яқинида Самара вилоятида тўпланиши давом этмоқда.
Шу муносабат билан такроран маълум қиламизки, 2020-йилнинг 18 ва 19-май кунлари Россия-Қозоғистон чегараси орқали ватандошларимизнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналарнинг аввалдан шакллантирган рўйхати асносида Россия ва Қозоғистон томонлари билан келишилган ҳолда амалга оширилган эди. Қўшимча рўйхатлар тузилиши кўзда тутилмаган.
Огоҳлантиришларимизга қарамай, 280 тага яқин фуқароларимиз Россия-Қозоғистон чегараси олдида тўпланмоқдалар. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Самара вилояти Ҳукумати ушбу фуқароларни саноат объектларида иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган. Аммо тўпланган ватандошларимиздан фақат 25 таси ушбу таклифни қабул қилган бўлса, қолганлари ҳамон Болшая Черниговка тумани ҳудудида қолмоқдалар. Ишга жойлашишни истамаган ва чегара яқинида қолаётган ватандошларимизни ўзларининг вақтинча/доимий яшаш жойларига қайтишларини ҳамда чартер рейсларини кутишларини сўраб қоламиз.
Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликларини, яшаш жойларида қолишларини ва карантин чораларига қатъий амал қилишларини сўраймиз“, дейилади мурожаатда.
LiveБарчаси