Автотерроризм. Гўрга кирган гўдаклар
Таҳлил
−
13 Июль
70442024 йилнинг ўтган беш ойида Ўзбекистондаги 65 нафар ўқувчи ЙТҲ оқибатида вафот этган. ЙТҲга учраб вафот этмаганларнинг қанчаси қўлсиз, оёқсиз, кўрмай ё эшитмай қолган.
ЖССТнинг маълумотларига кўра, ҳар дақиқада дунё миқёсида юзлаб ЙТҲ содир бўлади. Оқибатда ҳар йили 1 млн 190 минг нафар инсон ҳаётдан кўз юмади, 5-14 ёшли болалар ўлимининг асосий сабаби эса айнан йўл-транспорт ҳодисаси бўлиб, ҳар куни 1000 дан ортиқ мурғакларнинг ўлимига олиб келаркан. Тезликни ошириб ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “автотеррористлар” деб атамоқда. Бугун бегуноҳ болаларнинг умрига зомин бўлиб, қанчадан қанча оилаларга кулфат олиб келган “автотеррористлар”, эътиборсизлиги туфайли фарзанди ўлимга сабабчи бўлиб қолаётган ота-оналар, шунингдек, уларнинг ўлимида яхшигина ҳиссаси бор давлат масъуллари ҳақида гаплашамиз.
Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, Twitter ижтимоий тармоғида #қачонгача ҳэштеги остида “Ўзбекистон йўлларида болалар ҳалок бўлмоқда” мазмунидаги расмлар тарқалмоқда. Ҳайдовчиларнинг катта тезликда машина бошқариши ва беэътиборлиги сабаб болаларнинг ўлими кўпаймоқда.
Жорий йилнинг 1 июль куни Навоийда содир бўлган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 8 ёшли қиз ҳалок бўлди.
1 июль куни BYD Song автомобилини бошқариб бораётган шахс ўзига таниш бўлмаган фуқаро билан катта кўчада пойга ўйнаган. Улар йўлнинг тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига етганда йўлни кесиб ўтаётган 8 ёшли пиёдани дастлаб, биринчи автомобиль туртиб, сўнгра иккинчи ҳайдовчи босиб ўтган.
Оқибатда 2-синф ўқувчиси бўлган қиз тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган. Ўша куни ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар 4 июль куни ушланиб, 5 июлда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Таъкидланишича, ҳайдовчилардан бири сўнгги бир йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғи талабларига риоя қилмаслик қоидабузарликларини содир этган.
Эътиборлиси, ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойида туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмасини ўрнатиш дастурга 2024 йил I чорак якунига қадар киритилган. Бироқ маблағ вақтида ажратилмагани сабабли ҳозиргача ўрнатилмаган.
Бу ҳолат кўпчиликни даҳшатга солди. Тармоқ фойдаланувчилари томонидан автомобилларни белгиланган тезликдан оширмай ҳайдашга чақирувлар бошланди. Кўпчилик 8 яшар қизалоқнинг ЙТҲ оқибатида ўлганини ҳазм қилиб улгурмай, 8 июль куни Андижон шаҳар Ўзбекистон кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлагида Cobalt автомобили ҳайдовчиси 10 ёшли қизчани уриб юборди.
Қайд этилишича, ҳолат Андижон шаҳар Ўзбекистон кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлагида содир бўлган. 1999 йилда туғилган ҳайдовчи ўзининг машинасида ҳаракатланиб келаётган вақтида йўлни кесиб ўтаётган 10 ёшли пиёдани уриб юборган. Оқибатда қизча тан жароҳати олиб шаҳар шифохонасига ётқизилган. Айтилишича, ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан тергов ўтказилиб, жиноят иши очиладими, автомобиль эгалари йиллаб қамоққа маҳкум қилинадими, энди кеч. Йўлларда содир бўлаётган ЙТҲлари бир оилани фарзандидан жудо қиляпти. Тартибга солинмаган йўллар, ўпкасини боса олмайдиган ҳайдовчилар сабаб бир кунда юзлаб бегуноҳлар вафот этяпти.
Кўчага чиққан болалар уйига эмас, тўғри мозорга кетяпти. Жамоатчилик йўл қоидаларини қайта-қайта бузган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилишини талаб қилмоқда.
Яқинда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилди. Унда 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлгани, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олгани аниқланган.
2023 йилнинг ўзида 2282 нафар фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган. Ушбу ҳолатлар асосан катта тезликда ҳаракатланиш, йўл қоидасига амал қилмаслик оқибатида содир этилган.
Ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилгани маълум бўлган.
Ошкор этилган маълумотларга кўра, содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келган.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларининг 9 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.
2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ойи давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 минг камчиликлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5 ярим мингта ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган.
Юқорида айтганимиз ҳолат бор-йўғи ОАВда эълон қилинганлари. Бундан ташқари, ҳар куни даҳшатли ЙТҲларга гувоҳ бўламиз. Бир неча кун олдин Ангренда аёл Equinox автомобилини 157 км/с тезликда ҳайдаб, буни Instagram саҳифасига жойлаган. Тармоқ фойдаланувчилари ҳайдовчи аёлга йўллардаги болалар ўлимини эслатганда, ҳайдовчи аёл ўлган болаларнинг тақдири “онасининг қорнида ёзиб бўлинганини” айтганди. Ўшанда тармоқ фойдаланувчилари бу аёлни “аёл террорчи” деб атади.
Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram саҳифасида ҳукумат жабр кўраётган фуқаролар билан ҳисоблашиши кераклигини эслатиб, ЙТҲлар кўпайганини урғулаган.
“Навоийдаги воқеани ижтимоий тармоқларда ўқиган, кўрган бўлсангиз керак. 8 ёшли қизалоқни пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётганда тезликда ўзаро пойгалашган 2 та машина уриб юборибди, биттаси устидан босиб кетганга ҳам ўхшади. Дилингизни хира қилмаслик учун видеосини жойлаб ўтирмайман. Афсуски, бунақа ҳолатларни кескин камайтира олмаяпмиз, чунки буни чин дилдан хоҳлаб, ҳаракат қиладиган мардлар топилмаяпти. Йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга оид жиддий чоралар кўриш пайтида шу соҳа тепасидаги масъуллар ҳам, ҳукумат вакиллари ҳам ижтимоий тармоқдаги “автотеррорист”ларнинг оҳ-воҳидан хавотир олади ва қўрққанидан улар билан ҳисоблашади.
Аслида эса ҳукумат шаҳар ичида 170 тезликда юрадиган “автотеррорист”лар билан эмас, аксинча қоидабузарлар туфайли фарзандини, ота-онасини ва бошқа жигарларини йўқотган фуқаролар билан ҳисоблашиши керак эди. Уларнинг дардини эшитиши ва бошқа қайтарилмаслиги учун кескин чоралар кўриши шарт эди. Афсуски, бизда ундай эмас. Минг афсус”, дейди блогер.
Эсингизда бўлса, 2022 йил 1 декабрдан йўлларда қоидабузарлик учун жарима балларни ҳисоблаш тест режимида бошлангани, агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши айтилди. Бироқ мана орадан 1 ярим йил ўтди ҳамки, бу тизим амалиётга жорий этилмади. Депутатлар бу қонунни маъқуллаб Сенатга юборган, аммо ҳозиргача бу ҳужжатнинг Сенатдан дараги чиққанича йўқ.
Жорий йилнинг 24 апрель куни собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини тезроқ ишга тушириш зарурлиги ҳақида ёзган.
“Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими”ни тезроқ ишга тушириш зарур.
Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъуллар ушбу тизимни ишга тушириш бўйича қонун лойиҳасига бошқа масалаларни(тасвирга олиб тарқатганлик учун жазо) аралаштиришмаганида қонун аллақачон қабул қилинган бўларди.
Бугун идоравий, шахсий манфаатлар кўплаб ҳайдовчиликка номуносиб шахсларнинг руль бошқарувида қолиши ва инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келмоқда. Йўлларда сиз-у бизнинг фарзандларимиз, яқинларимиз ёки ўзимизни босиб ўлдиришга тайёр потенциал қотиллар кўп. Уларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, автомобиль бошқарувига яқинлаштирмаслик чоралари кўрилмаса, эртага ҳамманинг бошига етишади”, дейди Расул Кушербаев.
Кейинчалик у ЙТҲда ўлаётган болалар юзасидан яна бир пост қолдирди. Унда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тугатилиши кераклиги, бу хизмат ва унинг раҳбарияти ўзини оқламагани ҳақида фикрлар янграмоқда.
“Бу гапларда ўзига яраша асослар бор, албатта. Ростдан ҳам, тинчлик шароитида ҳеч бўлмаса болаларни йўллардаги ўлимдан сақлаб қола олмаяпмиз.
Бироқ ҳозирги ёндашувдан келиб чиқилса, бу борадаги дадил қадамлар қайсидир каттаконнинг фарзандини ҳам йўлда автотерористлар босиб кетганидагина бошланиши мумкин. Шунда соҳада алоҳида гуруҳлар эмас, оддий одамлар манфаати учун ҳақиқий ҳаракатларга киришилади. Унгача йўлларда ўлаётган оддий одамларнинг боласи – бегона,” дейди Расул Кушербаев.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова эса қонунчиликда белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ оширганлик учун ҳеч қандай иккиланишсиз транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиш таклифини билдирди.
Яъни шаҳар ичида тезлик 60 этиб белгиланган бўлса, 100 тезликда юрадиган “шоввоз” ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши шарт. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлиги атига 20 км дан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида жарима солишга, 40 км дан ортиқ катталикда ошириб юбориб БҲМнинг 9 баравари (3 млн 60 минг сўм) миқдорида жарима солинишга, 40 км дан ортиқ катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланиши. 1 йил давомида такрорланса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилиниб, БҲМнинг 25 баравари (8 млн 500 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Шу орада яна бир гапга эътиборингизни қаратсак, сўнгги вақтларда “оммавий ахборот воситалари қўрқинчли, ваҳимали хабарларни эълон қиляпти” деган гаплар кўпайган.
Одатда ўлганлар, жароҳат олганлар, жабр кўрганлар ҳақидаги хабарларни ўқиймиз, рақамларни эшитамиз-ку, шунчаки ўтиб кетамиз. Бу воқеалар акс этган видеоларни томоша қилганда эса сергак тортишни бошлаймиз.
ЙТҲлар кўпайгани ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, танқид қилинмасин, жиноят ишлари очилмасин, ЙТҲнинг сабаблари билан ишланмаса, уни тўхтатиш, камайтириш мушкул иш.
2023 йилда аввалги йилларга нисбатан ЙТҲлар сони 3 фоизга, болалар ўлими 20,9 фоизга ошган.
Албатта, бунда бир киши айбдор эмас. Ҳамма ўз вазифасини вақтида бажариши жуда муҳим. Ота-оналар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари билишлари ва фарзандларига ўргатишлари, йўлларнинг тартибга солингани, умумий ўрта таълим мактаблари олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд бўлиши, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ҳал этилиши ва ҳайдовчиларнинг қоидаларга амал қилиши жуда муҳим.