Автомобилларни нотариал расмийлаштирмасдан ижарага олиш мумкин бўлади

Жамият 8167
image

Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 10 январдан каршеринг ташкилотлари нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт.

Автомототранспортларни қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

Шунингдек, автомототранспорт воситаларини каршеринг ташкилотларидан ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида мазкур ташкилотларга “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти берилади.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт  ва велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгилари танқидий таҳлил қилиниб, тегишли ҳаракат йўналишларида уларни олиб ташлаш чоралари кўрилади.

Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, каршеринг жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомотранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×