Автобус ҳайдовчилари учун “кунлик план” бекор қилинади

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 8 июнидан "сариқ" ва "яшил" ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилган эди. Маълум қилинишича, энди автобус ҳайдовчилари учун кунлик режа бекор қилинади.

"Тошшаҳартрансхизмат" Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Аъзам Абдуллаевнинг маълумот беришича, эндиликда ҳайдовчиларга янгича талаблар қўйилиши билан бир қаторда уларнинг ишлари енгиллаштирилиб, қатор имтиёз ва таклифлар ҳам назарда тутилмоқда.

"Албатта, жамиятимиз бутунлай янгича форматда ишни давом эттириш ниятида. Аввало, ҳайдовчиларга қўйилган талабларимизни кучайтирдик. Барча белгиланган қоидаларга ҳар бир ҳайдовчи риоя этиши шарт. Шунга яраша анча имтиёз ва енгилликлар киритилмоқда. Жумладан, ҳайдовчи ва чиптачилар учун анча қийинчилик туғдирган, олдиндан ўрнатилган режалар энди йўқ. Қанча пул тушиши уларнинг муаммоси эмас", дейди Аъзам Абдуллаев.

Қайд этилишича, ҳайдовчилар 15 кун ишда ва мос равишда бир ойда 15 кун уйда бўлишади. У белгиланган манзилга аниқ кўрсатилган вақтда етиб бориши керак. Ҳайдовчи олдин маълум пул тушумини йиғиши керак бўлар эди, агар йиғмаса ойлигига таъсир қилиб, ҳар куни ишлашига тўғри келарди. Энди бундай бўлмайди. Ҳайдовчиларнинг ўзигина эмас, фарзандларига ҳам дам олиш учун йўлланмалар берилади. Ижтимоий ҳимояси таъминланади.

Ҳозирда акциядорлик жамияти томонидан жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклашда белгиланган қоидаларга риоя этилиши учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, автокорхоналар томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва охирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш, ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси туфайли 22 мартдан буён Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг