Австрия ҳам кескинлик туфайли фуқароларини Эронни тарк этишга чақирди
Олам
−
13 Апрель
3013Австрия республика фуқароларини Эронга саёҳат қилишдан тийилишга ва у ерда бўлганларни мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақдаги баёнот мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди.
“Минтақадаги ҳозирги кескин вазият туфайли яқин кунларда хавф даражаси ошиши кутилиши мумкин”, дейилади вазирлик хабарида.
Шу фонда Австрия ҳаво йўллари 18 апрелгача Теҳронга парвозларни бекор қилди.
Аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларини Эронни тарк этишга чақирган эди.
Шунингдек, Франция Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларини Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви таҳдиди туфайли Эрон, Исроил ва Ливанга ташриф буюришдан тийилишга чақирди.
Словения Ташқи ишлар вазирлиги ҳам худди шундай республика фуқароларига Эронга саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилди.
Маълумот учун, Ислом инқилоби посбонлари корпусининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси жорий йилнинг 1 апрель куни Исроил ҳаво кучларининг Сурия пойтахтидаги Эрон элчихонаси консуллик бўлимига берган зарбаси оқибатида етти нафар эронлик ҳарбий маслаҳатчи ҳалок бўлганини эълон қилди. Ҳужумда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг икки генерали ва яна беш зобити қурбон бўлди. Исроил ҳодиса учун ҳеч қандай расмий жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Айни вақтда Исроил армияси матбуот котиби Даниэль Хагари CNN телеканалига берган интервьюсида Дамашқдаги консуллик эмас, Ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳарбий иншооти ҳужумга учраганини айтди.
Америка Қўшма Штатлари, CBS телевидениеси маълумотларига кўра, Эрон 12 апрелдаёқ юздан ортиқ дрон ва ўнлаб ракеталар билан Исроил ҳарбий нишонларига ҳужум қилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Телеканал манбаларига кўра, яҳудий давлати Дамашқдаги Эрон консуллигига қилинган ҳужум учун ўч олишдан ўзини ҳимоя қилиши қийин бўлади. Шу билан бирга, улар Теҳрон вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун кичикроқ миқёсдаги ҳужум эҳтимолини кўриб чиқиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 апрель куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқароларга эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлигини эслатган, шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш учун заруратсиз яшаб турган жойни тарк этмасликни тавсия қилганди.
LiveБарчаси