Австралиялик Ўзбекистон мухлиси: “Осиё Кубогида Австралияга қарши ўйинда Ўзбекистонга мухлислик қилдим!”
Спорт 07 Март 12:51 1944
image

Ўзбекистонда ҳар бир футбол ишқибози миллий терма жамоага мухлислик қилади. Унинг ютуқларидан қувониб, мағлубиятларидан хафа бўлади. Бу табиий ҳол, албатта. Лекин олис Австралия мамлакатида яшаб, Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлайдиган футбол мухлиси борлигини биласизми? Бу ҳақида ЎФА Матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Ник Сиднейда истиқомат қилади. Лекин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ашаддий мухлиси. Терма жамоанинг ҳар бир ўйинини қолдирмай кўриб боришга ҳаракат қилади. У қачондан Ўзбекистон терма жамоасининг мухлисига айланиб қолганлиги ҳақида ЎФА Матбуот хизматига интервью берар экан: “Мен 2015 йил Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубоги пайтида Ўзбекистоннинг мухлисига айланиб қолганман. Ўшанда Осиё Кубогидан ўрин олган учрашувларга чипта излаётганимда Шимолий Корея – Ўзбекистон ўйинига дуч келиб қолдим. Шу заҳоти кўз олдимга улуғвор Ипак Йўли шаҳарлари, бой тарихий маданиятга эга юрт, ёрқин ранглар, ажойиб урф-одатлар келди. Шу заҳоти Шимолий Корея – Ўзбекистон учрашувига чипта харид қилдим. Кейин ўйин давомида ўзбекистонлик мухлислар билан бирга стадионда туриб мухлислик қилдим. Биргаликда қўшиқ куйладим, рақсга тушдим ва футболчиларни олқишлаб турдим!” деб айтиб ўтган.
 
Шунингдек у: “БААда ўтган Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси Австралияга қарши баҳс олиб борди. Мен эса Ўзбекистонга мухлислик қилдим! Бу ҳол баъзилар учун ғалати туюлиши мумкин. Аммо мен 2015 йилдан бери Ўзбекистоннинг мухлисига айланганман. Ўшанда Ўзбекистондан ташриф буюрган мухлислар билан бўлиб ўтган учрашув менда жуда катта таассурот қолдирган. Уларнинг стадионда қувончга тўлиб-тошиб, ҳиссиётларга берилиб ҳайқиришлари, ўз терма жамоаларидан фахрланишлари, терма жамоа ғалаба қозонганда ғурурланишлари, Ўзбекистон байроғини ҳилпиратишлари, барабаннинг дилга ҳаяжон соладиган овозлари... Мен Европа ва Австралиянинг кўпгина стадионларида бўлганман. Аммо илгари ҳеч қачон бундай ажойиб ҳиссиётларни туймагандим, бундай муҳитда футбол томоша қилмагандим. Ўзбекистонлик мухлисларнинг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллилиги, бирдамлиги – мен ҳаётимда кўрган энг ажойиб жиҳатлар” дея айтиб ўтган.

Бундан ташқари, Ник Австралияда “Австралиялик Ўзбекистон мухлислари” (Aussie Uzbekistan Supporters) аккаунтларини очганлигини маълум қилди ва ҳозирги пайтда бу аккаунтга 100 дан ортиқ одам обуна бўлган.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 3.3