Австралиядаги казинода марказий осиёлик эр-хотин ушланди
Олам
−
01 Декабрь 10119 2 дақиқа
Австралиянинг Сидней шаҳридаги казинода қозоғистонлик жуфтлик фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Қозоғистондан бўлган 36 ёшли аёл ва унинг 44 ёшли эри Сидней казиносида бир миллион доллардан ортиқ ютуқни Микки Маус тасвири туширилган футболкага яширилган кичик камера ва алоқа учун қулоқчинлардан фойдаланиб қўлга киритганликда айбланмоқда. Улар Барангару туманида қўлга олинган.
“Казино ходимлари аёлнинг кўйлагида кичик яширин камера борлигини пайқаган. Хабар берилгач, полиция ҳодиса жойига дарҳол етиб келиб, эр-хотинни ҳибсга олди”, дейилади хабарда.
Терговчиларнинг айтишича, жуфтликдан кичик магнит зондлари, батареялар ва яширин тасвирга олиш ҳамда узатишга имкон берувчи махсус телефон ҳам топилган. Шунингдек, мобил телефон учун махсус ойна ҳам мусодара қилинган.

Тинтув вақтида полиция ходимлари уларнинг яшаш жойидан қимор ўйинлари учун мўлжалланган қўшимча жиҳозлар, қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва 2 минг евро топган. Хабарда айтилишича, эр-хотин жорий йилнинг октябрь ойида Қозоғистондан Сиднейга борган. Улар шаҳарга борган куниёқ казинога аъзолик учун ариза топширган.
Полиция маълумотларига кўра, жуфтлик октябрь ва ноябрь ойларида бир неча бор казинога ташриф буюрган ва жами 1,18 миллион доллар ютган, бу эса казинода шубҳа уйғотган.
“Жуфтлик мобил телефон орқали мулоқот қилган. Телефонлар столнинг суратларини олган, чуқур жойлаштирилган қулоқчинлар орқали эса улар турли карта ўйинларида қандай тикишлар қилиш бўйича кўрсатмалар олишган ва охир-оқибат казинони алдашган”, дейилади Янги Жанубий Уэльс полицияси хабарида.
Нашрнинг ёзишича, жуфтлик маҳаллий гаров масалалари бўйича судга олиб борилган. Улардан ҳеч бири гаров эвазига озодликни сўрамаган ва суд ҳам бунга рухсат бермаган. Энди келгуси йилнинг февраль ойида аёлнинг, жорий йилнинг 11 декабрь куни эркакнинг суди бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси Бош прокуратура билан биргаликда мамлакатда лотерея клублари ниқоби остида фаолият юритувчи энг йирик ноқонуний онлайн казинолар тармоғини тугатганди.