Австралияда кучли сув тошқинлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди (фоторепортаж)

Олам

image

Австралия Бош вазири Скотт Моррисон қитъанинг шарқий ва шимоли-шарқий соҳилларида содир бўлган кучли сув тошқинлари туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда у мамлакат ҳукумати сайтида чоп этилган баёнотида маълум қилган. 

“Мен генерал-губернаторга [Дэвид Херли] Янги Жанубий Уэльс ва Квинсленддаги сув тошқинлари сабабли миллий фавқулодда ҳолат эълонини тасдиқлашни тавсия қилмоқчиман”, деган Бош вазир. 

Таъкидланишича, ҳукумат вайрон бўлган корхоналар ва шаҳар инфратузилмасини тиклашга ёрдам бериш учун қўшимча маблағ ажратади. Бошқа нарсалар қаторида, маблағлар тозалаш ва таъмирлаш учун — 210 миллион Австралия доллари (152,9 миллион АҚШ доллар), нафақа тўлаш ва қийинчиликка дучор бўлган одамларга ёрдам бериш учун — 31,2 миллион Австралия доллари (22,7 миллион доллар), озиқ-овқат ва зарур товарлар сотиб олиш учун — 25 миллион доллар (18,2 миллион доллар) берилади. 

Генерал-губернатор маъқуллаганидан сўнг фавқулодда ҳолат мамлакат федерал ҳукумати ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиради, бу эса парламент розилигисиз жабрланган ҳудудларга қўшимча ресурсларни йўналтириш, шунингдек, кучларни сафарбар қилиш имконини беради. 

Австралия шарқида кучли ёмғир ва сув тошқини 

Австралиянинг шимоли-шарқий ва шарқий қирғоқларида узоқ давом этган ёмғир туфайли жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида йирик сув тошқини бошланди. Квинсленд штатида 2 мингдан ортиқ уй тошқин зонасида бўлган, 20 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Янги Жанубий Уэльсда Сиднейдан 800 километр шимолда жойлашган Лисмор шаҳри бутунлай, бошқа бир қатор шаҳарлар эса қисман сув остида қолган. Ҳозиргача сув тошқинлари оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши бедарак йўқолган, 240 мингга яқин одам уй-жой ва мулкидан айрилган. 

Энг қийини мамлакатнинг йирик шаҳри Сиднейдаги вазият бўлиб, у ерда 16 кундан буён ёмғир ёғмоқда. Сиднейнинг ғарбий ва жануби-ғарбий чеккаларида тошқиндан кейин 2000 дан ортиқ уй яшаш учун яроқсиз деб топилган, яна 2,3 минг уй сувдан жиддий зарар кўрган. 

Янги Жанубий Уэльс давлат қутқарув хизмати маълумотларига кўра, йил бошидан бери мегаполисда 850 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғган. Вилоят раҳбари ўринбосари Пол Тул сув тошқинини “ҳалокатли ҳодиса” деб атаган ва сўнгги 24 соат ичида қутқарувчиларга ёрдам сўраб 3000 дан ортиқ қўнғироқлар келиб тушганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия тошқин

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг