Австралияда 2 та самолёт тўқнашди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
26 Октябрь
5283Австралиянинг Сидней шаҳри жануби-ғарбида икки енгил самолёт ҳавода тўқнашиб кетди. Оқибатда самолёт қулаб тушган ва уч киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда “7 news” хабар берди.
Янги Жанубий Уэльс штати полициясига кўра, ҳалокат бугун, 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 11:50 да Белимбла Парк қишлоғида содир бўлган. Маълумотларга кўра, қулаган Cessna 182 самолётидан ҳалок бўлган икки киши, Jabiru самолётидан эса бир қурбон топилган.
Қайд этилишича, тўқнашув назорат қилинмайдиган ҳаво ҳудудида содир бўлган. Самолётлардан бири қулаган жойда ёнғин келиб чиққан. Воқеа жойига тез ёрдам ва ўт ўчирувчилар гуруҳи етиб борган.
“Мамлакатда бундай тўқнашувлар жуда кам учрайди”, дейилади хабарда.
Полициянинг маълум қилишича, Jabiru Оукс аэродромидан парвоз қилган, Cessna 182 эса Cеснок шаҳридан учиб, Вуллонгонгга йўл олган. Австралия транспорт хавфсизлиги бюроси (ATSB) ҳалокатни текширишни ўз зиммасига олган.
“ATSB’нинг Канберрадаги идорасидан транспорт хавфсизлиги бўйича терговчилар гуруҳи иккала самолётнинг ҳалокат жойларида далилларни йиғиш ишларини бошлаш учун тайёргарлик кўрмоқда”, дейилади ATSB баёнотида.
ATSB тахминан икки ой ичида дастлабки ҳисоботни ва тергов якунида якуний ҳисоботни эълон қилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Бразилия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-5M қирувчи самолёти авиабаза яқинида ўқув парвози вақтида ҳалокатга учраганди. Самолёт Парнамирин тураржойлари яқинидаги ўрмонли ҳудудга қулаган. Учувчи самолётни тураржой бинолари бўлмаган ҳудудга олиб чиқишга муваффақ бўлган. У ўзини самолётдан ташлаган, қирувчи самолёт қулаганидан кейин ёнғин бошланган. Учувчи кейинги текширувлар учун Натал авиабазаси госпиталига олиб кетилган.
LiveБарчаси