Австралия ва Янги Зеландия армиясини бирлаштирмоқчи
Олам
−
06 Декабрь
2297Австралия ва Янги Зеландия минтақадаги умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун ўз қўшинларини бирлаштириш ниятида эканини эълон қилиб, икки томонлама ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди. Бу ҳақда “Mirage” хабар берди.
Бугун, 6 декабрь куни икки мамлакат Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирларининг учрашуви якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотга кўра, томонлар хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ўз ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштириш, шунингдек, ҳамкорликда ишлашга келишиб олган.
Шунингдек, икки давлат ҳарбий инфратузилмани алмашиш, технология алмашиш ва мунтазам равишда қўшма машғулотлар ўтказишга ҳам келишган.
Қолаверса, томонлар муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва барқарор киберхавфсизлик тизимларини яратиш учун кибер кучларни бирлаштириш ниятида эканлигини ҳам таъкидлаган.
Мутахассислар икки давлат ташаббусини Хитойнинг Тинч океани минтақасида таъсири кучайиши билан боғлаган. Хитойнинг ортиб бораётган иштироки, жумладан, порт қурилиши, орол давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик ва денгиз кучларининг имкониятларини кенгайтириш Австралия, Янги Зеландия ва уларнинг иттифоқдошлари, шу жумладан Қўшма Штатлар учун ташвиш уйғотади. Икки давлат ўртасидаги қўшма ҳарбий ҳамкорлик уларнинг минтақадаги етакчи ролини сақлаб қолиш ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.
“Австралия ва Янги Зеландиянинг қўшма баёноти беқарор халқаро муҳитда иттифоқчи давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафақат умумий манфаатларни ҳимоя қилиш истагини акс эттиради, балки уларнинг замонамиз муаммоларига биргаликда қарши туришга тайёрлигини ҳам таъкидлайди”, деган масъуллар.
LiveБарчаси